Янгиликлар 2557
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2019 йилдаги устав фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҲИСОБОТИ
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 1995 йил 18 февралда ташкил топган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 2 декабрда 184 П-сон билан қайта рўйхатдан ўтказилган ва гувоҳнома берилган. Партия ўз молиявий-хўжалик фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2005 йил 16 мартда тасдиқланган “Сиёсий партияларнинг устав фаолиятини давлат томонидан молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги Низоми ва ўз Уставига мувофиқ амалга оширади.
2019 йилда ташкилий-таркибий жиҳатдан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча ташкилотлари 14 та ҳудудий партия Кенгашларига, яъни, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия Кенгашларига ҳамда 202 туман ва шаҳар партия Кенгашларига бирлашган. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия Кенгашлари юридик шахс мақомига эга.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 2019 йилда фаолиятини 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг
2018 йил 28 декабрь кунидаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, шунингдек, партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастури ҳамда партиянинг 2019 йилга мўлжалланган иш режаси асосида олиб борди.
2019 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз фаолиятида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва муносиб иштирок этиш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотлари кадрлари захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли ва тўлиқ таъминлаш, партия фаоллари сиёсий билимларини ва фаоллигини ошириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаоллигини кучайтириш ҳамда фуқаролар билан тизимли мулоқот ўрнатиш орқали партия сайловолди дастури ижросини таъминлаш, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси орқали миллий қонунчиликни такомиллаштиришда партия электорати манфаатларини ифода этишга устувор аҳамият қаратди.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2019 йилги фаолияти таҳлилига кўра,
2020 йил 1 январь ҳолатига партия аъзоларининг сони 438 537 нафарни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2019 йил 1 январь ҳолатига нисбатан
(115 015 нафар) 36%га кўпайганлигини кўрсатади. Шунингдек, бошланғич партия ташкилотларининг сони 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра 6 390 тани ташкил қилиб, 2019 йил 1 январга нисбатан (538 та) 9 %га ортган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўтган 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда ўз фаолияти ва дастурий вазифаларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиб, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан мулоқот қилиш, муаммоларни жойида ҳал этишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган Йўл харитасини ижрога йўналтирди.
Хусусан, ҳисобот йилида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 10 дан ортиқ партия лойиҳалари амалга оширилди.
Жумладан, партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.
Партиянинг ишчи гуруҳлари томонидан Республика бўйича жами
10 мингдан зиёд маҳаллалардаги 105 мингдан ортиқ хонадонларга ташриф буюрилди. Учрашувлар мобайнида аҳоли томонидан келиб тушган
15 мингдан ортиқ мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга 3 мингга яқин депутатлик сўровлари юборилиб, мурожаатлар ўз ижобий ечимини топди. 2 мингдан ортиқ мурожаатлар мутасадди органларни жалб этилган ҳолда ва 10 мингдан ортиқ мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ижобий ҳал этилди.
Партия аралашуви билан ижобий ечимини топган масалалардан
60 фоизи соғлиқни сақлаш йўналишидаги муаммоларни ташкил этди. Бунда асосан, фуқароларнинг соғлиғини тиклаши учун ордер олиш ва дори-дармон билан таъминлаш орқали ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, қишлоқ худудларда аҳолини қийнаётган газ, электр таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви муаммолари, маҳаллий йўлларни таъмирлаш каби масалаларни бартараф этиш доимий назоратда бўлди.
Ҳисобот йилида Сайлов жараёнига тайёргарлик кўришга устувор вазифа сифатида қаралди. Шу муносабат билан 2019 йил 15-23 август кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиши мустақил институти билан ҳамкорликда “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусидаги семинар-тренинглар бўлиб ўтди. Мазкур семинар-тренинглардан кўзланган асосий мақсад сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан аввало партия ходимларини батафсил таништириш, самарали сайлов дастурини ишлаб чиқиш, сайлов жараёнларига пухта ҳозирлик кўриш, сиёсий партияларнинг сайлов компаниясидаги самарали иштирокини таъминлаш масалаларига эътибор қаратишдан иборат бўлди.
Семинар-тренингларда партия Марказий аппарати ва ҳудудий Кенгашларда фаолият юритаётган 45 нафар ходим иштирок этди.
2019 йил 3-5 ноябрь кунлари Тошкент вилояти “Дўрмон ижод уйи”да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган 150 нафар номзодлар учун “Institute of Inititatives” пиар компанияси билан ҳамкорликда “Сайлов технологиялари” мавзусида тренинглар ташкил этилди.
2019 йилнинг 15 январь куни Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг 38-сон мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2019 йил Дастури қабул қилинди. Дастурда 2019 йил давомида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди.
2019 йил давомида партиянинг ҳисоб рақамларига жами 23 млрд
668 млн 682 минг сўм маблағ келиб тушди. Шундан, 11 млрд 391 млн
460 минг сўми партия Устав фаолиятини молиялаштириш учун ажратилган бюджет маблағлари, 9 млрд 14 млн 968 минг сўми Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида иштирок этиш учун ажратилган маблағлар, партия аъзолик бадалларидан
1 млрд 56 млн 535 минг сўм, ҳомийлик, хайрия тушумларидан 1 млрд 974 млн 748 минг сўм ва бошқа тушумлардан 230 млн 971 минг сўм ҳисобланади.
2019 йилда жами 24 млрд 594 млн 627 минг сўм маблағ харажат қилинди. Шундан 2019 йилда қуйидаги йўналишлар бўйича маблағлар сарфланди:
- ижро этувчи аппаратнинг жорий харажатлари учун 12 млрд 64 млн
278 минг сўм;
- партия аъзоларини ОАВда чиқишини ташкил этиш ва кўргазмали тарғибот материалларини нашр этиш харажатлари учун 2 млрд 878 млн
355 минг сўм;
- партиянинг матбуот органига ёрдам кўрсатиш ва бошқа харажатлар учун 210 млн 258 минг сўм;
- конференциялар ва съездлар ўтказиш харажатлари учун 230 млн
383 минг сўм;
- партия фаолларини ўқитиш, семинарлар ва тренинглар ўтказиш харажатлари 10 млн 665 минг сўм;
- мол-мулкни сақлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ коммунал хизматлар ва эксплутация харажатлари учун 907 млн 591 минг сўм;
- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида иштирок этиш харажатлари учун 7 млрд
955 миллион 102 минг сўм;
- бошқа харажатлар учун 337 млн 995 минг сўм.
Партиянинг ўз фаолиятидан олинган даромадлари 2019 йилда 3 млрд
72 млн 572 минг сўмни ташкил этган бўлиб, улардан 1 млрд 56 млн 535 минг сўми аъзолик бадалларидан шаклланган.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси томонидан 2020 йил февраль-март ойларида партия фаолиятини молиялаштириш учун 2018-2019 йилларда ажратилган давлат бюджети маблағлари ва бошқа даромадларнинг шаклланиши ҳамда ушбу маблағлардан мақсадли фойдаланишнинг қонунийлиги ўрганилди. Ўрганиш натижалари бўйича далолатномада кўрсатилган хато ва камчиликлардан хулоса чиқариб, камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва уларнинг бажарилиши назоратга олинди.
Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Тафтиш комиссияси томонидан партия ҳисоб рақамларига келиб тушган маблағларни тўғри ва мақсадли ишлатилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб борилди.
Хусусан, 12 апрель куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан партиянинг Марказий аппарат ходимлари ва ҳудудий Кенгашлар ҳисобчилари учун “Очиқлик ва шаффофлик – асосий мақсадимиз” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.
Тадбирда партиянинг молиявий хўжалик фаолиятида қонунга риоя этиш, дастурий мақсадларни амалга оширишда маблағлар сарфланишининг шаффофлигини таъминлаш ва партия тизимида коррупцияга йўл қўймаслик ҳамда унга қарши курашиш бўйича билимларини оширишдан иборат бўлди.
Ўқув-семинарда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги масъул ходимлари, “Адолат” СДП Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари маърузалар билан иштирок этиб, сиёсий партияларнинг молиявий хўжалик фаолиятини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларга берилган имтиёзлар ва мамлакатимизда қабул қилинган солиқ концепциясини амалга оширишга оид ҳамда сиёсий партиялар томонидан солиқ ҳисоботларининг тузишдаги муаммолар атрофлича муҳокам этилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг 2019 йилдаги устав фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботи Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди.
"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси
Фикрингизни қолдиринг