ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁ УЧУН ОЧИҚ

04.11.2021 11:11:44

Ўзбекистон барча хорижий ҳамкорлар билан, айниқса, иқтисодий ривожланган ўзаро фойдали муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлиб, асосий ташқи сиёсий ҳаракатларини 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган энг муҳим соҳаларга қаратган. Мазкур ҳужжат мамлакатнинг ташқи сиёсат соҳасида қуйидаги энг муҳим устувор йўналишларини шакллантириб берди. Ўзбекистон ташқи сиёсат олиб борар экан, ўзининг давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлар минтақасини яратиш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, дунё ҳамжамиятига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида объектив ахборотни етказиш, Ўзбекистон ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базасини, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратади. Мустақилликнинг 30 йили мобайнида олиб борилаётган Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари барқарор, адолатли ва демократик давлат қуришга, мамлакатнинг ташқи ошкоралигини илгари суришга ҳамда регионал ва кўп томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

Мамлакат ҳозирги ташқи сиёсий фаолиятининг устувор йўналишлари Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган вазифалар доирасида бўлиб, халқаро майдонда алоқаларни кенгайтиришга янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича амалий қадамларда ўз аксини топмоқда. Шу муносабат билан Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Япония, Германия, Франция, Афғонистон, Қозоғистон, Туркманистон каби дунё мамлакатлари билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир бир қатор тегишли дастурий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва қабул қилинган, «йўл хариталари» тасдиқланган. Олий ва юқори даражалардаги ташрифлар давомида мамлакатнинг миллий манфаатларига жавоб берадиган ҳамда яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсий йўналишни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Халқаро майдондаги ҳамкорлик илғор дунё тажрибасини ўрганиш, хорижий мамлакатлар билан алоқаларни йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни ҳал қилишга ёрдам бериши керак, бу мамлакатда максимал қулай амалий ва инвестицион муҳитни шакллантиришга ўз ҳиссасини қўшади. Бу борада Республика ташқи сиёсий стратегияси хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, маҳаллий экспорт географиясини кенгайтириш соҳасида янги қирраларни очди.

Узоқ вақт минтақавий жараёнлардан четда бўлган Ўзбекистон бугунги кунда янгича ҳаракат қилмоқда. Минтақа юраги ҳисобланган Тошкент Марказий Осиёда барқарорлаштирувчи давлат табиий ролини ўзига қайтариб олмоқда. Тошкент ташқи сиёсий йўналишининг янги қадами афғон йўналишидаги фаоллашувдан иборат бўлди. Ўзбекистон Афғонистон билан икки томонлама алоқаларни сезиларли даражада кенгайтирди, афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича кўп томонлама ҳаракатларга фаол қўшилди.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги муҳим устувор йўналиши дунёнинг етакчи давлатлари ва халқаро ташкилотлари билан стратегик шериклик ҳамда ҳамкорликнинг мувозанатланган тизимини шакллантиришдан иборат. Бундай ёндашув иқтисодиётни модернизациялаш, барқарорлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёда ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитларни яратиш вазифаларининг самарали ҳал қилинишини таъминлашга қаратилган. Юқори даражали алоқалар туфайли Тошкент дунёнинг етакчи давлатлари билан муносабатларни тубдан янги даражага олиб чиқди. Россия Федерацияси билан кўп режали стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Ҳозиргача тузилган стратегик ҳамкорлик тўғрисида, иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, РФ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Декларация янги мазмун билан тўлдирилмоқда ва амалий татбиқ қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари билан тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида барқарор ва олдиндан башорат қилинадиган тарзда ривожланиб бораётган стратегик ҳамкорлиги сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилди. Тарафларнинг келгуси ҳаракатлари стратегик ҳамкорликнинг ўзаро фойдали йўналишларини топишга қаратилиши керак.

Туркия Республикаси билан муносабатлар стратегик даражага олиб чиқилган. Ўзбекистон — Туркия муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва ривожлантириш Ўзбекистоннинг янги ташқи сиёсий йўналишига тўлиқ мувофиқдир. Бунда турк халқи билан тил, дин, анъаналар ва урф-одатларнинг умумийлиги ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратади. 2020 йил 19-20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон таклифи билан ушбу мамлакатга расмий ташрифи стратегик муносабат фаоллашувининг ёрқин далолати бўлди.

Ўзбекистон дунё сиёсати ва иқтисодиётида энг муҳим роллардан бирини ўйнаётган Хитой Халқ Республикаси билан яқин регионал қўшни ва дўстона давлат сифатида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Корея Республикаси билан икки томонлама муносабатлар масалаларининг бутун мажмуи бўйича стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда худди шундай ютуқлар кузатилмоқда. Бевосита Корея инвестициялари ва илғор технологияларини, имтиёзли кредитларини фаол жалб қилиш ҳамда саноат, энергетика, инфратузилма, автомобилсозлик, фан ва инновациялар, соғлиқни сақлаш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун молия-техник ёрдам кўрсатилиши мамлакатимиз манфаатларига жавоб беради.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони, Бирлашган Араблар Амирликлари, Кувайт, Қатар, Иордания, Жазоир ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатлари билан муносабатлари тубдан янги даражага чиқмоқда. Шуни қайд этиш керакки, Яқин Шарқ мамлакатлари билан ўзаро фойдали ва ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатнинг 2020 йилда МДҲга биринчи раислиги стратегияси ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деган: «Ҳамдўстликда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилот томонидан қабул қилинган қарорлар натижадорлигини ошириш ва иштирокчи мамлакатлар ўртасида инсонпарварлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга соламиз». Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲда ўз миллий координатори даражасини Ташқи ишлар вазири ўринбосаридан Бош вазир ўринбосаригача кўтарди, МДҲ Иқтисодий кенгашидаги ўз иштирокини тиклади.

Туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. 2019 йил сентябрда мамлакат Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК)га аъзо бўлди. Узоқ муддатли истиқболда ТТДҲК Европа, Ўрта Шарқ, Кавказ ва Марказий Осиё ўртасидаги кенг маконда минтақавий ҳамкорликнинг ўзига хос механизмидан иборат субрегионал бирлашмага айланиши керак. Ташкилот билан ҳамкорликнинг фаоллашуви мамлакатимиз учун қўшни мамлакатлар билан ҳам, минтақадан ташқари яқин ҳамкорлар (Туркия, Озарбайжон) билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг янги имкониятларини очади. Ташкилот ишида доимий аъзо сифатида иштирок қилиш Тошкентга халқаро майдонда ўз ташаббусларини илгари суриш, шунингдек, мамлакатнинг туркий-ислом тараққиёти марказларидан бири сифатида халқаро нуфузи ва мақомини мустаҳкамлаш учун қўшимча сиёсий-дипломатик ресурслар беради, уларнинг транспорт-транзит салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради.

Нисбатан қисқа муддатда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти обрўли, нуфузли халқаро тузилма сифатида шаклланди. Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотини терроризм ва экстремизмга, наркотик ва қуролнинг ноқонуний оборотига, уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик учун восита сифатида баҳолайди. Ўзбекистон учун Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг иқтисодиёт, жумладан, транспорт коммуникацияларини қуриш ва қайта тиклаш соҳасидаги фаолиятини ҳам фаоллаштириш, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорликдан манфаатдор бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш устувор вазифа ҳисобланади.

Республикамиз давлатларнинг хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мулоқоти учун муҳим халқаро форум ҳисобланган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан фаол ўзаро ҳамкорликдан ҳам манфаатдордир. Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлигининг устувор йўналишлари давлат бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ ва сайлов тизимини такомиллаштириш, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, трансмиллий хавфлар ва таҳдидларга қарши курашишда конструктив ўзаро ҳаракатларни ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат. Мана мамлакатимизда Президент сайлови эшик қоқмоқда. Сайловни баҳолашда ЕХҲТ кузатувчилари миссиясининг иштироки муҳим. Мамлакатимизда 2019 йил декабрда ўтказилган парламент сайловларида 50 та мамлакат ва 10 та халқаро ташкилотдан 825 нафар кузатувчи иштирок қилди. Ўзбекистон биринчи марта Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлари ва инсон ҳуқуқлари бюросининг 316 кишилик таркибидаги тўлақонли миссиясини қабул қилди.

Мамлакатимиз халқаро молия институтлари ва савдо ташкилотлари — Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни сифатли кенгайтириш ва такомиллаштиришга эътибор қаратган. Европа қайта тиклаш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг тикланганлиги муҳим воқеа бўлиб, бунинг натижасида ушбу институт томонидан Ўзбекистон ҳудудларида ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларнинг маблағ билан таъминланиши тикланди. Ўзбекистоннинг халқаро молия муассасалари билан ҳамкорлиги кун тартибида инвестициявий ва амалий муҳитни яхшилаш, мамлакатнинг кредит рейтингини ошириш, валюта-кредит сиёсатини такомиллаштириш, банк-молия соҳасида миллий мутахассислар малакаларини ошириш турибди. Якуний мақсад — миллий иқтисодиётнинг модернизация қилинишини жадаллаштириш ва унинг рақобатбардошлигини кучайтириш учун жалб қилинадиган хорижий инвестициялар ва молия маблағлари ҳажмини ошириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва инфратузилмани такомиллаштириш, турмуш даражасини ошириш ва аҳолининг фаровонлигини таъминлашдан иборат.

Марказий Осиё йўналишидаги фаол сиёсат, Ўзбекистон учун регионнинг устуворлиги коронавирус пандемияси вақтида ҳам ёрқин намоён бўлди. Минтақа мамлакатларининг мураккаб эпидемиологик вазияти шароитида мунтазам алоқалар орқали инфекция тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди. Ўзбекистоннинг минтақа бўйича йўналиши фаоллашуви регионал яқинлашиш, ишонч ва ўзаро тушунишни тиклаш, шунингдек, йиғилиб қолган масалаларни оқилона муросаларга келиш асосида оператив ҳал қилиш юзасидан аллақачон етилган талабга ўз вақтида ва амалий жавоб бўлди. Олий даражада ўрнатилган очиқ ва ишончли мулоқот барча ҳамкорлик йўналишларини кучайтириш учун мустаҳкам асос яратди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан сиёсий соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги фаоллашуви билан бир қаторда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва маданий-инсонпарварлик соҳаларига янги куч берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар, илгари сурилган вазифалар Ўзбекистоннинг яқин давр ичида ривожланиш устувор йўналишларини яна бир марта белгилаб берди, бунда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги туб ислоҳотлар билан бир қаторда фаол ташқи сиёсатни амалга ошириш назарда тутилган. Янгиланган Ўзбекистон хорижий шерикларга мамлакатнинг ўзаро фойдали ҳамкорликка тайёрлиги тўғрисида аниқ мукжда юбормоқда.

 

Халбаева Дилрабо Джурабековна,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+