Янгиликлар 794
ЎЗБЕКИСТОН - ҲИНДИСТОН: AСРИЙ АЛОҚАЛАРНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ЙЎЛИДА
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон ўзининг конструктив ташқи сиёсий йўналишни ишлаб чиққан ва бу соҳадаги фаолиятининг стратегик тамойилларини белгилаб олган ҳолда, замонавий халқаро муносабатлар тизимининг фаол иштирокчиси позициясини эгаллаб турибди. “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори халқаро даражадаги конференцияни ўтказиш ғояси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яна бир чуқур ўйланган ва инновацион ташаббуси бўлди, десак адашмаймиз.
Маълумки, Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва маданий яқинлигига қарамай, уларнинг ўзаро минтақавий алоқалари узоқ вақтлар давомида суст бўлиб келган.
Ҳиндистон Республикаси, шубҳасиз, Осиё минтақасининг муҳим стратегик аҳамиятга эга ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакати ҳисобланади. Марказий Осиё ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар бизнинг эрамиздан олдин ҳам мавжуд бўлган ва асрлар мобайнида давом этган. Бу давлатлар тарихида Шимолий Ҳиндистон ва Жанубий ва Жануби-Шарқий Ўзбекистон минтақалари бир давлат таркибига кирган даврлар ҳам бўлган (Aҳамонийлар империяси, Юнон-бактрия давлати, Кушон империяси, эфталитлар ва Ғазнавийлар давлатлари).
Кушонлар даврида Буюк ипак йўли инсоният тарихидаги Марказий Осиёни Хитой, Ҳиндистон ва Европа билан боғлайдиган биринчи тижорат ва дипломатик йўл эди. Ўша даврларда Марказий Осиё ҳинд ва хитойлик савдогарлар учун муҳим савдо маркази бўлиб хизмат қилган.
Қадимги давр тарихчиси Страбон таъкидлаганидек, Aмударё ҳинд товар ва маҳсулотларини Каспий ва Қора денгизлар орқали Европага экспорт қилишда Шарқ ва Ғарб савдо занжиридаги асосий бўғинларидан бири бўлган.
Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги илмий ва маданий алоқалар бутун ўрта асрлар давомида (IX-XVIII асрлар) давом этиб келган. Минтақанинг таниқли алломалари, қомусий олим Aбу Райхон ал-Беруний (973-1048) ва Темурийлар тарихчиси Aбдураззоқ Самарқандий (1413-1482)нинг саёҳатлари икки халқ тарихида ёрқин из қолдирди.
Абу Райҳон Беруний ҳинд халқининг илм-фанни, маданияти ва урф-одатларини батафсил ва пухта ўрганди ҳамда Европада "Ҳиндшунослик" илмий йўналиши пайдо бўлишидан анча олдин ушбу мамлакат ҳақида ишончли маълумотларнинг асосий манбаига айланган ўзининг машҳур "Ҳиндистон" асарини ёзишга муваффақ бўлди.
Ўзаро муносабатларнинг навбатдаги муҳим босқичи сиёсий ва иқтисодий алоқалар сезиларли даражада кучайган темурийлар даврига тўғри келади. Шоҳруҳ даврида (1405-1447) Ҳормуз бўғози Ҳиндистон ва Темурийлар ўртасидаги савдо марказларидан бирига айланган.
Юқорида зикр этилган тарихчи Aбдураззоқ Самарқандий таъкидлаганидек, Шоҳруҳ Бенгалия, Калькутта ва Вижаянагара шаҳри билан яқиндан ҳамкорлик қилган. Унинг ҳинд ҳукмдорлари билан дўстона алоқалари нафақат доимий равишда улар билан хат алмашиш ва ўзаро савдо алоқаларининг кучайишида, балки уларга кўплаб иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатишида ҳам намоён бўлган.
Олимлар ва мутахассисларнинг фикрига кўра, Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар Бобурийлар империясининг Ҳиндистонда деярли уч юз йиллик ҳукмдорлиги давомида айниқса жонланган. Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар тўғрисида батафсил маълумот Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома" китобида баён этилган машҳур хотираларида берилган. Бошқа бир Бобурий шоҳ - Aкбар даврида (1657-1706) Ҳиндистоннинг Лаҳор шаҳри кўплаб мамлакатларнинг ишбилармонларини бирлаштирган дунёдаги энг йирик савдо марказига айланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, XVI асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Бухоро амирлиги ва Ҳиндистондаги Бобурийлар сулоласи ўртасида кўп қиррали алоқалар доимий тус олди. Бу, бир томондан, Ҳиндистоннинг Бухоро хонлиги сиёсатида муҳим ўрин тутганлигидан далолат бўлса, бошқа томондан Aкбарнинг аждодлари Ватани билан савдо-иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш истагини намойиш этади.
Олимларнинг таъкидлашича, ушбу давлатларнинг ўзаро алоқалари тарихида икки минтақа давлатлари ўртасидаги савдо алоқаларининг энг ривожланган даври айнан Бобурийларнинг Ҳиндистондаги ҳукмронлиги йилларига тўғри келади.
Шундай қилиб, тарихнинг муштараклиги, анъаналар, маданиятлар ва кўп асрлик алоқаларнинг яқинлиги ва ўхшашлиги, шунингдек, икки мамлакат халқлари ва раҳбарларининг ўзаро манфаатдорлиги, мазкур конференциянинг Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очиши кафолати бўлиб хизмат қилади.
Бахром АБДУХАЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор
Фикрингизни қолдиринг