Янгиликлар 1353
Ўзбекистон мис ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи давлатга айланади
Олмалиқ кон-металлургия комбинати очиқ ва ерости конлари, металлургия ва цемент заводлари, кенг қамровли инфратузилма объектларини бирлаштирган улкан саноат мажмуаси ҳисобланади. Айни вақтда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи мазкур комбинат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Кейинги йиллардаги эътибор натижасида янги конлар топилиб, ишлаб чиқариш ҳажми янада оширилмоқда. Буни натижасини шаҳар ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ривожланиб бораётганида яққол кўриш мумкин. Бу ўзгаришларнинг “драйвери” шубҳасиз, Олмалиқ кон-металлургия комбинатидир.
Ҳозир ҳудудда ўтган қисқа даврда эришган ютуқларимиз ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Балки шу даврда қилинган бир-иккита аниқ мисолларни келтирмоқчиман холос. Шулардан бири Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ, комбинатда “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бўйича 5 миллиард 122 миллион долларлик мегалойиҳа амалга оширилаётганидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 22 декабрь куни Олмалиқ шаҳрига ташрифи чоғида энг аввало, мазкур кондаги ишларни кўздан кечирди.
Бугунги кунда ҳудуди 11 минг гектардан иборат кон йилига 65 миллион тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор. Уларни қайта ишлаш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда. Энг муҳими, олиб борилган изчил саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, бугунги кунда жаҳон бозорида металл нархи 30 фоиздан кўпроққа ўсди. Мис 8 йил ичида тоннаси 9,0 минг долларга етди.
Қувонарли томони, кончиларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига улкан карьер буньёд этилди. Натижада “Олмалиқ КМК” АЖда 2021 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 30,6 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган мақсадли кўрсаткичлар 117,1 фоизга бажарилади. 2017 йилга нисбатан ўсиш 5,6 бараварни ташкил этди.
Хусусан, маъданларни қазиб олиш ҳажми 40,5 млн тонна, қайта ишлаш ҳажми 41,4 млн тоннага етказилади. Шунингдек, экспорт ҳажми 1 110 млн долларга (прогнозга нисбатан 139,3 фоиз) етказилиб, 2017 йилга нисбатан 71,0 фоиз ўсиш таъминланади.
Соҳага татбиқ этилаётган қатор янги тизим ва ёндашувлар туфайли соф фойда ҳажми 5 100,2 млрд сўм миқдорида ёки бизнес режа кўрсаткичига нисбатан 123,3 фоиз етказилиб, 2017 йилга нисбатан ўсиш 4 976,1 млрд сўмга ёки 41,1 бараварга ўсиши кутилмоқда.
Комбинатда транспортни бошқариш ва назорат қилиш тизими жорий этилиб, лойиҳа доирасида 1 700 та транспорт воситаларига масофавий назорат - GPS тизими, шунингдек, барча кон автосамосваллари ҳамда кўчма ёқилғи қуйиш автотранспортларига ёқилғи назорати сенсорлари ўрнатилди. Натижада 2021 йилда комбинат бўйича 16,8 минг тонна дизель ёқилғиси тежалди.
Агар 2022 йилда амалга ошириладиган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, 148 500 тонна мис, 17,15 тонна олтин, 160,7 тонна кумуш, 90 000 тонна метал рух, 2 465,0 минг тонна цемент, 788,1 минг тонна олтингугурт кислотаси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.
Биринчидан, “Ёшлик I” ва “Қалмоққир” конларида кон-транспорт комплекснинг автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий қилиш натижасида ускуналардан фойдаланиш коэффициентининг 10-30 фоизга ортиши, ускуналар унумдорлигининг 5-15 фоизга ошириш ва моддий-техника ресурсларига харажатларни 5-15 фоизга камайтиришга эришилади.
Корхонада бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш орқали даромадларнинг 2-3 фоизга ўсишига, ишлаб чиқариш харажатларининг 3 фоизгача қисқартиришга, омборларда сақлаш ва ташиш харажатларини 5-10 фоизга камайтиришга эришилади.
Иккинчидан, “Ёшлик I” конини ўзлаштириш” ва “3-сон Мис бойитиш фабрикасини қуриш” инвестиция лойиҳалари доирасида йилига 65 млн тонна маъдан қазиб олиш қувватига эга кон, 60 млн тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга бўлган 3-сон Мис бойитиш фабрикаси, фабрика инфратузилма объектлари, 360 минг тонна қувватга эга оҳак заводи ва 650 мегаватт қувватга эга ташқи электр тармоғи объектларини қуриш режалаштирилган.
Учинчидан, “Ёшлик I” ва “Қалмоққир” бирлашган конлари негизида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқариш ва бошқа асосий кўрсаткичларга эришиш режалаштирилган. Бу мис катоди ишлаб чиқариш ҳажмини 148 минг тоннадан 515 минг тоннага, олтинни 17дан 52 тоннага, кумушни 160дан 343 тоннага ошириш имконияти яратилади, деганидир.
Шунингдек, йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,5 млрд долларга, республика саноатидаги улуши 10,4 фоизга етказилиб, 89,1 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этилади. Эътиборлиси, Концепциянинг амалга оширилиши натижасида “Олмалиқ КМК” АЖ жаҳонда тоғ-жинслари массасини қазиш бўйича 16-ўриндан 1-ўринга, маъданни қайта ишлаш ҳажми бўйича 25-ўриндан 1-ўринга кўтарилади. Мис ишлаб чиқариш бўйича эса йирик ишлаб чиқарувчиларнинг кучли ўнталигига киради.
Тўртинчидан, мис – бу эгилувчан металл бўлиб, у иссиқлик ва электрни яхши ўтказади, коррозияга чидамли ва микробларга қарши хусусиятларга ега. Шу боис, мис саноати кластерини ташкил этиш ва у билан боғлиқ соҳаларни ривожлантириш учун Лойиҳа офисини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 августдаги тегишли қарори қабул қилинди.
Лойиҳа офиси ҳузурида маҳаллий мис саноати кластери бўйича ягона электрон ахборот-интерактив савдо портали яратилиб, clusters.uz домени остида ишга туширилди. Мис саноати кластерига корхоналарни аъзо бўлиши тизими ягона электрон ахборот-интерактив савдо портали орқали ёритилади ва ташкил этилади.
Мис саноати кластерини доирасида йиллик қуввати I босқичда йилига 500 тонна, кейинги босқичларда 2 минг тонна мис кукуни, латундан фитинглар эса ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш таклифи шакллантирилган. Қолаверса, электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, жаҳон бозорида, 1 млн. тонна мис рудаси захираси мавжуд бўлса, дунёда йирик ҳисобланади. Шу сабабли давлатимиз раҳбари ижтимоий соҳа объектларига, хусусан, мактабларга кириб ёш ўқувчиларга ушбу лойиҳанинг улканлиги тўғрисида гапириб, келажакка шу корхоналарга ҳамоҳанг ишлаш учун аъло баҳоларга ўқиши лозимлигини билдирди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан яратилаётган ушбу мегалойиҳа, халқимизнинг яқин беш йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб беради. Бу ўз навбатида, иқтисодиётимиз юксалиши, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Дилшод ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари
қўмитаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг