Янгиликлар 1549
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби – давлатимиз фахри
1992 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган.
Халқимизнинг фахру ифтори бўлган ушбу давлат рамзида миллатимизнинг тарихи, бой маънавий мероси, миллий қадриятлари, эзгу орзу-ниятлари, шунингдек, бағрикенглик ифодаси мужассам бўлган.
Ҳар бир мамлакат ўзининг юксак тафаккури, табиат инъом этган бойликлари, битмас-туганмас неъматларини шарафлаб, уни давлат рамзлари мисолида ифода этади.
Ўзбекистон Республикасининг давлат герби ҳам халқимиз тафаккурининг юксак салоҳият даражасидан дарак берувчи бетакрор бадиий композициядир.
Ўз вақтида ушбу рамзнинг мукаммаллигига эришиш йўлида кўплаб мутахассислар бетиним иш олиб борган. Ушбу мавзуга бағишланган кўплаб ижод намуналари халқимиз муҳокамасидан ўтган. Бу жараёнда ҳар бир инсоннинг фикри ва таклифи эътибордан четда қолмаган.
Бугунги кунга келиб, давлатимизнинг асосий рамзи бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби давлат аҳамиятига молик бўлган ташкилотлар, ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасининг пул белгиларида, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларида ўрнатиладиган сарҳад устунларида, умумдавлат намунасидаги ҳужжатларда, шунингдек, қонунчилик билан Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвирини тушириш ҳуқуқи берилган бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг муҳрларида ва ҳужжатлари бланкаларида ўз аксини топади.
Миллий давлатчилигимиз тарихида ўзининг муҳим аҳамиятига эга бўлган давлат гербига нисбатан ҳурмат билдириш мамлакатимиз шаъну шавкатини ҳимоя қилиш ва асраб-авайлашдек муҳим ҳисобланади.
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг