Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида Бобур асарлари қўлёзмасининг Ҳиндистон нусхалари фото кўргазмаси бўлиб ўтди.

21.02.2022 18:02:06

Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида йирик давлат арбоби, моҳир лашкарбоши, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси, тарихчи, географ, нозиктаъб файласуф, маданият ва сиёсат арбоби, Бобурийлар сулоласининг асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари фаолиятига бағишлан “Бобурийлар сулоласи: тарихи, адабиёти, маданияти” мавзусида илмий-маърифий семинар ҳамда Бобур асарлари қўлёзмасининг Ҳиндистон нусхалари фотокўргазмаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳамда Лал Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари фаолиятига бағишланган Гибрид шаклда ташкил этилган мазкур семинарда нуфузли меҳмонлар Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабхат, Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази директори Самир Аббосов, «бобуршунос» олимлар, тадқиқотчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

«Бобур ва бобурийлар шахсияти, илмий ва адабий асарлари, улар қолдирган маданий меросига оид янги маълумотларни омма эътиборига ҳавола этиш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманни Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори, профессор «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ўз кириш сўзи билан очиб берди.

«Бобур Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неру эътироф этиб ўтганидек чин маънодаги дилбар шахсдир. Буюк шоҳ ва шоир, ўлмас ва бебаҳо асарлар муаллифи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг юксак савияси, ранг-баранг такрорланмас бадиий ташбеҳлар тўла бадиий ижоди, илмий, тарихий қўлёзмалари билан, қолаверса халқпарвар, жонкуяр инсон сифатида тарих зарварақларида ўчмас из қолдирган»-деди Баҳром Абдуҳалимов.

«Ўзбекистон ва Ҳиндистон алоқаларида ҳамиша дўстона муносабатлар устуворлик қилган. Азал-азалдан икки давлат ўртасида давом этиб келаётган бундай илиқ муносабатларда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳам ўрни беқиёс.Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат ўзбек адабий меросига, шу билан бир қаторда Ҳиндистон илмий-адабий муҳитига, давлат ва ва жамият ҳаётининг юксалишига катта ҳисса қўшган буюк шоҳ ва шоирдир»,-деди,- Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабхат.

Тадбирда онлайн тарзда иштирок этган Туркиялик профессор Танжу Сейхан «Бобуршох ижодида вақтга оид лексика» борасидаги маърузасида Бобурномадаги макон билан боғлиқ атамаларни туркий ва форсий тилларда қўлланилиши, таржималардаги эквивалентлари, уларнинг ўз ўрнида, тўғри қўлланилиши борасида бериб ўтган ўзига хос тавсиялари ҳақида қимматли маълумотлар бериб ўтди.

Анжуманда онлайн тарзда иштирок этган Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди директори Зокиржон Машрабовнинг бобурийлар тарихини ўрганиш борасида жамоат фонди томонидан шу кунга қадар амалга оширилган ишлар ва олдинда режалаштирилаётган янги лойиҳалар борасидаги баён этган фикрлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида маърузалар матнини Шарқшунослик институти «Мерос» журналининг махсус сони сифатида нашр қилиш таклифи берилди. Булар билан бирга келгусида ушбу семинарни ҳар икки йилда оз сонли иштирокчиларнинг муайян бир мавзуни кенг кўламда очиб беришга бағишланган анжуман кўринишида ташкил қилиш ва маърузалар матнини нашр қилиб бориш ҳақидаги фикрлар ҳам маъқулланди.

Анжуман сўнгида фахрий меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

 

«Адолат»СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+