Янгиликлар 644
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: асрий алоқаларнинг бугунги ривожи
Ўзбекистон — Саудия Арабистони ўртасидаги илмий тадқиқот соҳасида ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш бўйича бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкин.
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Баҳром Абдуҳалимов “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 19 август сонида чоп этилган “Асрий алоқаларнинг бугунги ривожи” номли мақоласида шу хусусда сўз юритади.
— Масалан, ўзбекистонлик олимлар, хусусан, арабшунослар олдига араб тилини мукаммал ўрганиш ва араб тилидаги қўлёзма манбаларини ҳозирги замон талаблари даражасида тайёрлаш борасида қўйилаётган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда кейинги йилларда Осиё арабшуносларининг навбатдаги халқаро конференцияларидан бирининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистон учун араб мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ўзаро манфаатли алоқалар янада ривожланишига қулай имконият яратади, — дейди муаллиф. — “Янги Ўзбекистонда янги ренессанс истиқболлари” мавзусида саудиялик мутахассислар билан халқаро симпозиумлар ташкил этиш, мамлакатлар қўлёзма фондлари ўртасида маълумот алмашинуви, хусусан, юртдошларимиз томонидан ХХ асрнинг бошларида Арабистон диёрларига олиб чиқиб кетилган қўлёзма манбаларни ҳамкорликда тадқиқ қилиш йўлга қўйилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ўзбекистон илм-фан ва маданият кунларини Саудия Арабистонида ўтказиш, илмий соҳада олимлар ўртасида мулоқот майдонини яратиш, Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби олимлар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий каби уламоларнинг илмий меросини ҳамкорликда тадқиқ қилиш аждодларимизнинг бой маънавий ва илмий меросини янада чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш имконини беради.
Фикрингизни қолдиринг