Ўзбекистон – ШҲТ: Рақамли саводхонликни ривожлантириш масаласи

11.11.2020 18:11:38

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар делегацияларининг раҳбарлари устувор йўналишларда кўп томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида барча мамлакатларни бугунги кунда ларзага солган Пандемия даврида эътибор қаратиш зарур бўлган муҳим соҳаларни ривожлантиришга доир қимматли таклифларни айтиб ўтди.

Шулардан бири, пандемия даврида самарали мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда тезкор ахборот алмашинув воситасининг муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда пандемия даврида рақамлаштириш жараёнининг тезлашгани ҳамда ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш “драйвери”га айлангани алоҳида таъкидланди. Шундай экан, хавфли вирусга нисбатан кураш олиб боришда ҳамда карантин асоратларини юмшатиш борасида давлатларнинг ўзаро тажриба алмашинуви катта аҳамиятга молик масаладир. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда масофавий мулоқотни йўлга қўйишнинг энг мақбул йўли ҳам ахборот технологияларининг бугунги кундаги хизматига бевосита боғлиқ.

Ушбу масаланинг ўта жиддий характерини англаган ҳолда давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантириш мақсадида ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.    

Рақамли саводхонлик – замонавий дунёда ҳаёт учун, рақамли технологиялар ва интернет ресурсларидан хавфсиз ва самарали фойдаланиш учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакалар тўпламидир. Динамик онлайн режимларни яратиш ва сақлаш, йирик ва мураккаб бўлган онлайн ижтимоий тармоқларни бошқариш қобилияти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4699 Қарорида мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг ижтимоий, иқтисодий соҳалар қаторида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилади. Унга кўра, таълим тизимининг барча босқичларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган рақамли билимларнинг даражасини ошириш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, “Беш ташаббус” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2022 йилга қадар республиканинг барча ҳудудларида рақамли билимларга ўқитиш марказларини очиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда рақамли саводхонлик масаласи ҳам профессионал ҳамжамият, ҳам давлат ҳокимияти органларидан алоҳида эътибор талаб қилмоқда. Биринчи навбатда, аҳолига давлат ва коммунал хизматлар кўрсатишда рақамли идентификация тизимини яратиш масаласини ҳал этишга эътибор қаратиш лозим. Барча воситачиларни олиб ташлаш ва “ягона дарча” номли воситаларни қолдириш давр талабига айланди. Бу давлат аппарати йўқотишлари ва харажатларининг сезиларли даражада камайиши ҳамда фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги ўзаро таъсир сифатининг оптималлашувига олиб келади.

Эътироф этиш керакки, давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг видеоанжуманида қатнашиб, давримизнинг оғриқли нуқталарига баҳо берар экан, гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган аниқ ва конструктив тарзда билдирган фикрлари ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарларининг якдил муносабати ва ижобий хулосаларига сабаб бўлди.

БМТ ташкилоти ҳамда ШҲТ каби нуфузли халқаро ҳамжамиятлар билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон давлатининг обрўйи ошиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу халқаро ташкилотлар минбаридан туриб, мамлакатимиз номидан қатъиятли ва конструктив таклифларни илгари суриши ва ушбу таклифларнинг тўлақонли равишда инобатга олиниб, якуний ҳужжатда ўз ифодасини топаётгани мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлаётганидан далолат беради.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси ва

“Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари” қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+