Янгиликлар 1716
Ўзбекистон-Тожикистон: ҳамкорликнинг янги уфқлари
Диллар очиқ, йўллар очиқ...
Бундан чорак асрдан зиёд олдин, аниқроғи 1995 йил давлатимиз раҳбарияти ташаббуси билан минтақамизда яшаётган халқларнинг маданий-адабий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида, катта умидлар билан Тошкентда, “Туркистон” саройида Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси ташкил қилинган эди. Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон адабиёт, илм-фан арбоблари, жамоатчилик вакилларини бирлаштирган бу ассамблея атоқли адиб ва жамоат арбоби раҳмати Чингиз Айтматов раислигида (президентлигида) минтақа халқлари ўртасида маданият, маърифат, тил ва маънавий қадриятларга асосланган ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлида қанчалик интилишмасин, кўзланган мақсадга эриша олмади. Зеро минтақа раҳбарларининг сиёсий иродаси бу эзгу мақсад сари бирлашмади, сиёсий амбициялар, геополитик тўқнашувлар устун келарди.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охирда Республика байналмилал марказида ассамблея фаолияти билан боғлиқ ўтказилган тадбирда атоқли адабиётшунос олимимиз, Ўзбекистон публицист ва таржимон Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов ўша даврнинг вазиятидан келиб чиқиб, “Марказий Осиё ассамблеяси дейсизлар, бу яхши. Аммо реал ҳаётимизга холисона қараганда, бу қанақа минтақавий ташкилот, агарда чегараларимиз ёпиқ бўлиб, бизнинг овозларимиз чегарамиздан нари томонга эшитилмаса?! Илгари мен Фарғонага Хўжанд шаҳри орқали бораётганимда дўстим, тожик ёзувчиси Раҳим Жалилнинг уйига биров кириб, унинг бир пиёла чойини ичиб, адабиётларимиздаги янгиликлардан воқиф бўлардик, янги китобим ёки мақолаларимни ташлаб кетсам, Қўқондан қайтиб келгунимча таржимаси тайёр бўларди. Тўғри, “Жаҳон адабиёти” журнали имкон қадар қўшни қардош халқларнинг адабиётидаги янгиликлари билан муштарийларини таништирмоқда. Аммо жонли мулоқотлар, самимий учрашувларга не етсин!”, ган мазмунида гапирган эди.
Ҳа, ачинарли бўлса ҳам, тан олишимиз керак, яқин ўтмишда биз дўстларимиз, биродарларимиз-қўшни халқлар билан айро яшадик. Ўртамизда Чин деворидек тўсиқлар бор эди. Айниқса, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги алоқалар мушкул аҳволга тушиб қолган эди. Натижада орада нафақат иқтисодий-савдо, сув, энергетика, транспорт, балки гуманитар соҳасида глобал муаммолар вужудга келди. Бир-бирига қондош-жондош икки халқнинг борди-келдиси қийинлашиб, инсонлар яқинлари билан дийдор кўришишни йиллаб орзу қилиб яшайдиган даврларни кўрдик. Ўша йиллари асрлар давомида шаклланган, ҳаётимизнинг доимий мезонига айланган адабий-маданий алоқалар ҳам катта зарар кўрди.
Шахсан мен ва оилам ўша йиллар азобини тортганман. 1981 йилдан буён Тошкентда яшаймиз. Туғилган маконимиз Истаравшан (собиқ Ўратепа) унча узоқда эмас, узоғи билан 3 соатли йўл-180 километр. Ўзбекистоннинг Бекобод ёки Ховосдан ярим соатга етиб борса бўлади. Аммо мен ва оилам мана шу уч соатли йўлни 15 йилда босиб ўтдик. Орада акам бир неча йил касал бўлиб ётди, кейин вафот этди. Видолашувга, жанозасига ҳам етиб боролмадик. Ота-она қабрини тавоф қилиш тушимизга кирарди. Яқинлар дийдорига зор бўлиб яшаш, азоб экан. Мендек ота-она, опа-сингил, ака-ука дийдори соғинчини бошидан ўтказганлар жуда-жуда кўп.
Шукрки, сўнгги йилларда минтақада янгича сиёсий иқлим пайдо бўлди. Ўзбекистон раҳбарияти охирги уч-тўрт йил мобайнида энг аввало қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида “яхши қўшничиликни йўлга қўйиш” тамойили муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилган эди. Бу эзгу мақсад, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланди ва энг муҳими изчиллик билан амалга оширилди. Қўшни ва қардош халқларимизнинг алоқаларини жипслаштириш, давлатлараро муносабатларда ишончни мустаҳкамлаш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўанлишига айланди.
Жумладан, Ўзбекистон раҳбари икки халқнинг муддаоларига ҳамоҳанг хайрли ишларни амалга оширди. “Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасида дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик. Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншооллоҳ. Биз дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз”, – деган эди Президент Шавкат Мирзиёев бундан уч йил муқаддам. Мана шун эзгу ниятлар ва сўзларни эзгу амалларда татбиқ этиб, Ўзбекистон Президенти 2018 йил 9-10 март кунлари Душанбе шаҳрига ташриф буюрди. Бу ташриф Ўзбекистон-Тожикистон, ўзбек ва тожик халқлари тарихида зарҳал саҳифалари билан сабт этилди. Ташрифнинг самарали натижалари, имзоланган муҳим ҳужжатлар туфайли чегараларимиз қалбларимиздек икки мамлакат аҳолиси учун очилди. Минглаб эмас, балки миллионлаб кишилар чегара постларидан ўтиш асносида икки давлат раҳбарлари иродаси учун дуолар қилишди. Кўзларида қувонч ёши, юзларида шукроналик туйғуси билан йўлини давом эттирганларни кўпини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Ўша йили, август ойида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Тошкентга ташриф буюрди...
Шарқда азалдан бозор ижтимоий фикр, элнинг кайфиятининг асосий барометри ҳисобланади. Яқинда “Ўзбекистон 24” телеканали Душанбенинг “Меҳргон” бозоридан репортаж тайёрлаб эфирга берди. Ўзбекистон тележурналистларининг бозор сотувчилари билан бемалол ўзбек тилида сўзлашиб, барча саволларига мамнуният жавоблар олганлари, бозорда ўтган асрнинг 30-40 йилларда Фарғона водийсидан, Самарқанднинг Ургут туманидан кўчиб борганларнинг авлодлари билан очиқ ва самимий суҳбатлар нимадан далолат берди? Мен ҳам пандемиядан олдин Суғд вилоятининг бозорларида икки тил баробар янграётганини, Ўзбекистон маҳсулотлари бемалол савдо бўлаётганини ўз кўзим билан кўрган эдим. Биз ўзбеку тожик фақатгина кўшни бўлмасдан, хешу табор, яъни қариндошмиз, атоқли адибларимиз айтганларидек, “бир дуторнинг икки тори”, “бир азим чинорнинг буюк қудратли шохлари”, қолаверса, икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз. Яқинда Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишида авиақатновлар эпидемиология шартларини қаттиқ риоя қилган ҳолда йўлга қўйилгани ҳам кўпчиликнинг мушкулини осон қилди. Қон-қариндошлар дийдорига мушарраф бўлиш бу ҳаётда буюк бахт эмасми?
Ҳа, Ўзбекистон – Тожикистон ўртасида сўнгги йилларда шаклланган илиқ ва дўстона муносабатлар туфайли икки мамлакат тадбиркорлари эркин нафас оладиган бўлишди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Ҳатто коронавирус пандемияси икки мамлакат товар айирбошлаш жараёнларига тўсиқ бўлолмади. Жумладан, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Тожикистоннинг улуши 10,2 фоиз ошган. Товар айирбошлаш 338,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов яқинда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига ташриф буюриб, ҳамкасби Қоҳир Расулзода билан турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича музокаралар олиб боргани ҳар икки мамлакат аҳолисига катта умид бағишлади. Бу музокарлар май ойининг ўртасида Тошкентда давом эттирилди.
Шунингдек, жорий йил 22-23 апрель кунлари Фарғона шаҳрида Фарғона, Тожикистоннинг Суғд, Қирғизистоннинг Боткен вилоятлари расмийлари ва тадбиркорлари иштирокида катта форум бўлиб ўтди. Учрашувда ўзбек ва тожик тадбиркорлари ҳамкорлиги қамрови йил сайин ортиб бораётгани рақамлар тили билан ифода этилди. Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзоданинг таъкидлашича, пандемияга қарамай, 2020 йилда Ўзбекистондан ушбу вилоятга товар кириш ҳажми 96 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Жорий йилнинг уч ойида эса 28 миллион долларга етган. Айни пайтда Суғд вилоятмдан Ўзбекистонга 9 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинган.
Бизнес-форум доирасида фарғоналик тадбиркорлар ва йирик корхоналар билан савдо-сотиқ ҳажмини янада кенгайтириш бўйича битимлар имзоланган. Бундай ҳамкорлик чегараолди Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари билан ҳам самарали йўлга қўйилган. Айнан ҳудудлараро кооперацияни йўлга қўйишга алоҳида урғу берилмоқда. Чимкент-Тошкент-Хўжанд иқтисодий коридорини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” ҳам нафақат икки, балки кўп томонлама минтақавий робиталарни ривожлантиришга хизмат қилиши аниқ. Куни кеча эса, Тошкентда ҳамкорлик бўйича икки мамлакат бош вазирлари ҳамраислигида Ўзбекистон-Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.Яқин йилларда икки мамлакат ўртасида савдо ҳажми 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутилмқода. Ўзбекистон инвестицияси кўмаги билан Тожикистонда гидроэлектростанциялар қурилиши хусусида келишиб олинди. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.
Адабий – маданий алоқаларимиз тарихан ҳаётимизнинг ажралмас қисми, маъносини ташкил этган. Бу алоқаларга бўлган иштиёқ, завқ халқларимизнинг қалбида азалдан бор, бу эса—катта куч, жозиба. Фақат янги даврга келиб, улар янгича мазмун ва сифат касб этмоқда.
Яқинда Душанбе шаҳри ва унинг атрофидаги туманларда Ўзбек киноси ҳафтаси муваффақият билан ўтди. Икки республика кино усталари ҳамкорлик бўйича меморандум имзоладилар. Бизнинг фильмларимиз тожик томошабинларга катта қизиқиш уйғотди. Шу боисдан ўзбек фильмларини бевосита тожик тилига дубляж қилиш йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан суратга олинган Зулфия Зокирова ва унинг ўғиллари, келинларининг мислсиз жасоратига оид суратга олинган “Илҳақ” фильмини камина таржимаси якунлади ва яқин кунларда тожик тилига овозлаштирилади. Тожикистонда ўзбек санъаткорлари чиқишларига ёки баръакс, республикамизда тожик хонандаларнинг тароналарига мухлислар ҳамиша муштоқ.
Ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрига қилган ташрифи чоғида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонга рамзий очиқ дарвоза макетини топшираётганида “бу дарвоза халқларимиз учун ҳеч қачон ёпилмасин”, деб ният қилган эдилар. Шукрки, бундай эзгу ниятлар изчиллик билан рўёбга чиқмоқда.
Шоқаҳҳор Салимов,
журналист, партия фаоли
Фикрингизни қолдиринг