Ўзбекистон ёшлари – кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда

15.04.2022 16:04:00

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва шижоатли ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Амалга оширилаётган ислоҳотларни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларга кенг йўл очиб, уларни қўллаган ҳолда мамлакатимиз раҳбари томонидан 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан юртимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижаларга эришаётган ёшларимизни муносиб тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медаллари таъсис этилгани ҳам келажагимиз эгаларининг юксак мақсадлар сари интилишларида муносиб рағбат вазифасини ўтамоқда.

Энг аҳамиятлиси, мамлакатимизда қисқа давр ичида ёшларга оид давлат сиёсати бугунги давр талабларидан келиб чиқиб тубдан такомиллаштирилиб, бу борада Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига ўрнак бўлиб, дунё ёшларининг тақдирига дахлдор долзарб масалалар бўйича ташаббуслар билан чиқаётгани барчамизга ғурур бағишлайди.

Халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлиги саналган, аҳолимизнинг 60 фоизини ташкил этаётган ёшлар масаласи парламентимизнинг ҳам доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг таклифига биноан Қонунчилик палатасида ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг тузилиши мамлакатимизнинг миллий бойлиги ва келажаги бўлган ёшлар билан ишларни сифатли ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу комиссиянинг тузилиши давлат ва жамият бошқарувида ёшларнинг иштирокини амалий жиҳатдан таъминлаш орқали ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Қонунчилик палатасининг салоҳиятини ошириш имконини бермоқда.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш мақсадида ёшлар масалаларига ҳисобдор тартибда “Ёшлар парламенти” ташкил этилди.

Бугун “Ёшлар парламенти аъзолари” шу тариқа, халқ вакиллари ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишда, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда, Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, уларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашишда бевосита иштирок этмоқда.

Бугун уларга ёшлар дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишда бевосита иштирок этиш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ивожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги
ва устувор йўналишларни белгилашда ёшларнинг фаоллигини ошириш, Ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш, Ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш имконияти берилган.

Мамлакатимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ёшларга жамиятнинг муҳим, қимматли миллий ресурси сифатида қарайди ва ёшларнинг жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги манфаатларини таъминлаш, ишонч ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун етарли шарт-шароитларни яратиб беришни кўзда тутувчи давлат стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этади. Бугунги кунда партия сафларидаги 250 минг нафардан ортиқ аъзоларнинг 37 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда.

Партиямизнинг “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши турли ижтимоий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш орқали ёш авлоднинг қизиқишлари, эҳтиёжлари ва кайфиятини ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда партия Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан қабул қилинадиган қарорларга ўз таклифларини бериб келмоқда.

Айниқса, “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан фаол ёшларнинг парламентга уюштирилаётган ташрифлари уларнинг қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари билан бевосита танишиш орқали сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги янада ошишига, мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларга дахлдорлик туйғуси юксалишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда юртимиздаги ислоҳотларнинг ташаббусчисига айланиб бораётган ёшларимиз билан яна бир бор кўришиб турганимиздан ҳурсандмиз.

Ҳақиқатдан ҳам мамлакатимизда бугун ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки кенгайиб бормоқда. Партия ҳам уларни катта куч деб билади. Шундай экан, навқирон авлод вакиллари бунга жавобан янада фаол бўлишлари, бор билим ва куч-ғайратларини юртимиз ривожига сафарбар этишлари даркор. Зеро, бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда.

 

Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

“Ёш адолатчилар” қаноти

Республика Кенгаши раиси.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+