Янгиликлар 2575
Ўзбекистонликлар нега саросимага тушмади?
Айрим давлатларда иқтисодиётнинг издан чиқиши, озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги, соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз одамларнинг тушкунлик ва ваҳимасига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда эса бунинг акси...
Коронавирус пандимеяси туфайли бутун дунёда мураккаб эпидемиологик вазият ҳукм сураётган ҳозирги шароитда бу офатга қарши курашиш кундан кунга кучайтирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва алоҳида кўрсатмалари билан вирус тарқалиб кетишининг олдини олиш, уни бартараф этиш, инфекцияга чалинган беморларни соғлом ҳаётга қайтариш, шу билан бирга, аҳолини сифатли озиқ-овқат ва бошқа зарурий маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш, фуқаролар даромади пасайиб кетишининг олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби ўта муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида амалга оширилаётган ишларга яна бир бор тўхталар экан, коронавирус пандемиясига қарши курашни бир лаҳза ҳам тўхтатилмаслигини, бу одамларимизнинг соғлиғи, ҳаёти билан боғлиқ ўта муҳим масала эканлигини алоҳида таъкидлади.
Президентимиз сўзларини тинглар эканман, дунёда кечаётган мураккаб вазият даврида юртимизда амалга оширилган чора-тадбирлар, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларни бир-бир эсладим.
Ўзбекистонда бутун инсоният бошига келган бу офатга қарши курашиш, вазиятни юмшатиш, унинг аҳоли саломатлиги, турмуш-тарзи ва иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш борасида давлат томонидан давомли тарзда барча чоралар кўрилмоқда.
Айниқса, Президентимиз шу йил 3 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонини имзолагани аҳолини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдаги ғамхўрликнинг ёрқин тасдиғидир.
Чиндан ҳам, эл бошига иш тушган қийин дамларда бир-бирига елкадош бўлиш, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби энг олижаноб фазилатлар халқимизнинг қалбида азалдан мужассам. Бугун ушбу интилишлар янада кучлироқ жўш ураётгани ҳам рост. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали шу кунга қадар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳомий ташкилотлар ҳамда саховатпеша фуқароларимиз томонидан тақдим этилган, тахминий нархи қарийб 23 миллиард сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилгани ҳам фикримизни исботлайди.
Айниқса, ҳозирги мураккаб шароитда оғир турмушдаги аҳоли қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Юртбошимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан катта қувонч билан кутиб олингани, тадбиркорлар ва фермерлар, хўжалик бирлашмалари вакиллари, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ишчи-ходимлари қўллаб-қувватлагани халқимизнинг инсонпарварлиги, тотув ва якдиллигини кўрсатди. Комил ишонч билан айтамизки, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати қисқа фурсатда умумхалқ ҳаракатига айланиб, ўзининг ижобий натижаларини беради. Халқаро ҳамжамиятда азалий қадриятларимиз бардавомлигини яна бир карра исботлаб, галдаги эътирофга сазавор бўлади.
Шу ўринда айтмоқчиманки, юртимизга келган ташвишнинг аввалида дилимизга бостириб кирган хавотиру таҳликалар тезда чекиниб, ўрнини халқимизга хос интизом, саришталик, аҳиллик ва бирдамлик эгаллаганининг асл сабаби Президентимизнинг оқилона сиёсати натижасидир. Шу боис мамлакатимизда бу глобал хасталикнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш борасида тезкорлик, изчиллик ва собитқадамлик билан зарур ишлар амалга оширилаётгани ўзбекистонликлар қалбига осойишталик бағишлади.
Бугунги кунда карантин тизими жорий этилганидан бери одамларимиз ўз уйда қолиб, белгиланган карантин қоидалари, шахсий гигиена талаблари, шифокорлар маслаҳатларига қатъий амал қилиш орқалигина офатни енгиш мумкинлигини англаб етди. Бироқ давлатнинг ғамхўрлигини суиистеъмол қилаётган, айни пайтдаги жиддий вазиятни чуқур англаб етмаётган, ўзини ва бошқаларни хавф-хатарга қўяётган баъзи юртдошларимиз ҳам борлиги ғоят ачинарли.
Шу нуқтаи назардан хулоса ўрнида таъкидламоқчиман, бу кунлар бир синов, тартиб-қоидаларга амал қилсак, эртага ўтиб кетади. Бир ўйлаб кўринг-а, аслида сизу биздан кўп нарса талаб қилинаётгани йўқ. Соғлигимиз, ҳаётимиз учун хавф-хатарни ҳисобга олиб, карантин қоидаларига, мутахассисларнинг тавсияларига, шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, уйимизни озода тутиш сўралаяпти. Бу билан, аввало, ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаётини асрайсиз. Қолаверса, шу юртнинг фарзанди сифатида Ватан олдидаги масъулиятни бажарасиз. Она Ватанга хиёнат қилишдан ўзингизни асранг!
Сизу биздан бировнинг эмас, ўз саломатлигимизни асрашимиз сўраляпти! Уйда қолинг ва вақтингиздан унумли фойдаланинг!
Собир ТУРСУНОВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
педагогика фанлар доктори
Фикрингизни қолдиринг