Янгиликлар 1719
"Ўзбекистонни энг кўп шахмат ўйнайдиган давлатга айлантирайлик!"
Чуст - Наманган вилоятидагина эмас, балки мамлакатимизда ҳам жисмония тарбия ва спортни ривожлантиришда юксак марраларни эгаллаётган туманлардан ҳисобланади. Стол тенниси устаси Севара Қодирова, боксчи Муроджон Аҳмадалиев, найза улоқтирувчи Нозимахон Қаюмовани ким танимайди, дейсиз. Улар кўплаб халқаро мусобақаларда ғолиб чиқиб, Ўзбекистон шарафини улуғлашган.
Айни пайтда ҳам туманимизда навқирон авлод вакиллари ўртасида спортни янада оммалаштириш юзасидан изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда “Адолат” СДП фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатмоқдалар. Шу йилнинг ўзида биз ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўқувчилар ўртасида қатор мусобақаларни ташкил этдик. Яқинда ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги стол тенниси бўйича турнир ҳам шулар жумласидандир.
Мазкур баҳсларда 6-умумтаълим мактаби жамоаси муваффақиятли қатнашгани диққатга сазовордир. Масалан, қизлар ўртасида мазкур таълим маскани вакиллари биринчи ва иккинчи ўринни эгалладилар. Сайёра Маматова ғолибликни қўлга киритди, Мадина Азимова эса ғолиблик шоҳсупасининг иккинси поғонасини банд этди. Ўғил болалар ўртасида ҳам деярли шундай ҳолат юз берди. 6-мактаб ўқувчиларидан икки нафари фахрли учликка кирди. Санжар Турсунов биринчи бўлди, Аббос Ражабалиев эса учинчи ўринда.
Буларнинг ҳаммаси мактабда жисмоний тарбия ва спорт ишлари кенг йўлга қўйилганлигидан далолат, албатта. Яқинда мазкур йўналишда яна бир хайрли ишга қўл урилди. У "Ўзбекистонни энг кўп шахмат ўйнайдиган давлатга айлантирайлик!" шиорини амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам бўлди. Бу ерда "Shohruh" шахмат-шашка клубининг очилиш маросими ўтказилди. Унга нафақат муаллимлар ва ўқувчилар, балки атрофда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам аъзо бўлдилар. Машғулотларни малакали мураббийлар олиб бормоқдалар. Тез орада дастлабки мусобақалар ҳам ташкил этилади.
Бекзод СИДДИҚОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Чуст туман кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг