Янгиликлар 1307
“Ўзгариш”да ўзгаришлар катта
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласи бугунги кунда ҳар жиҳатдан чирой касб этиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда Ўзгаришда ўзгаришлар катта. Метро линияларининг ишга туширилиши, кўп қаватли аҳоли турар жойлари барпо этилиши, замонавий янги мажмуалар қурилиши айниқса, диққатга сазовор. Таъкидлаш керакки, кўпчилик жойларда бўлгани каби ушбу маҳаллада ҳам айрим ҳал этилиши лозим бўлган масалалар мавжуд.
24-27 март кунлари белгиланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (ОМҚП)нинг «Адолат» СДПдаги фракцияси аъзолари ўзлари сайланган округларида аҳоли билан учрашувлари белгиланган. Мазкур учрашувлар доирасида юқорида номи қайд этилган «Ўзгариш» МФЙ даги муаммолар ҳам кўздан кечирилди. Жумладан, 25 март куни ОМҚП депутати Агзамова Гулруҳ Анваровна маҳалла фаоллари, нуроний отахон-у онахонлар билан учрашди.
Маҳалла фаолларининг маълум қилишича, бугунги кунда маҳаллада боғча йўқ. Бу ҳолат маҳалла аҳолисининг қўшни маҳалла ёхуд узоқ масофадаги боғчаларга қатнашига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, маҳалла аҳиллиги, тинч ва осойишталигини, қолаверса, тартиб-интизом сақлаб турилиши учун нуроний отахонлар жам бўладиган маҳалла гузари, оталар чойхонаси йўқлиги айтилди.
Мурожаатлар мобайнида касби педиатр бўлган айни пайтда ушбу маҳаллада яшовчи Эътибор Мамадалиева тадбиркорлик мақсадида гидромассаж хонаси ташкил қилиш режаси борлигини, бунинг учун қандай йўл-йўриқ тутиш лозимлиги бўйича депутат г.Агзамовадан зарур ҳуқуқий тавсиялар олди.
Учрашувда барча берилган саволларга депутат томонидан атрофлича жавоблар айтилди.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби.
Фикрингизни қолдиринг