Янгиликлар 1587
Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак
Давлатимиз раҳбари Чиноз туманига ташрифи чоғида Эшонобод маҳалласида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар ва олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишди.
Маҳалланинг турли миллатга мансуб вакиллари билан суҳбатлашганини кузатар эканмиз, ҳар бир маҳалладаги “ўсиш нуқталари”ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлаш, ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш, ўзгаришлар, имкониятлар ҳақида ҳам гапирди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Эшонобод қишлоғи туман марказидан 20 километр олисда, қўшни давлат билан чегара ҳудудда жойлашган. Бу ерда ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва бошқа миллатларга мансуб 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида янги қиёфага кирган мазкур ҳудудда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, замонавий маданият саройи барпо этилди.
Эшонободликлар бугун «Обод қишлоқ» дастури доирасида барпо этилган шинам уй-жойларда истиқомат қилмоқда. Ҳар қадамда бунёдкорлик натижалари кўзга ташланамоқда.
Шунингдек, Давлат раҳбари «Хўжакент текстил груп» корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.
Бу ердаги 500 нафар чеварлар уч ой давомида махсус курсларда меҳнат биржаси томонидан ажратилган субсидиялар асосида ўқитилиб, турли мутахассисликни эгаллашди. Энди эса, бежирим кийим-бошлар тикишмоқда. Туркия, Германия, Япония каби илғор давлатлар технологияси асосида ишлаб чиқарилаётган 10 турдан ошиқ маҳсулотлар ички ва ташқи бозорга тақдим этилади. Охирги бир ярим ойда 100 минг долларлик тайёр кийимлар экспорт қилинган. Корхонанинг ўзида тикиш-бичишни ўргатувчи 200 ўринли ўқув маркази ҳам очилган Буларнинг барчаси эшонободликлар турмуш маданияти юксалаётганидан далолатдир.
Мутасаддилар, тадбиркорларга кўмаклашиб, бино ва маблағлар ажратиб, бундай кичик корхоналарни кўпайтириш ва 3 минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.
- Бугун келишимдан мақсад - Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар учун, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган, - деди Президент.
Энг муҳими, Давлат раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, “Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак”.
Бобур МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти
Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг