Ўзимиз ва оиламиз соғлиги - ўз қўлимизда

22.06.2021 11:06:58

Бугун бутун дунё аҳли бир ташвишда, яъни коронавирус инфекциясини бартараф этиш учун курашмоқда, десак хато бўлмайди. Катта тезликда тарқалаётган, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бу инфекциянинг тарқалишига қарши давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча ресурслар ишга солиниб, зарурий ва қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бевосита коронавирус инфекциясига чалинган шахсларни эрта аниқлаш, аҳолидан ажратиш, касал билан мулоқотда бўлганларни ва эпидемик нохуш ҳудудлардан келган фуқароларни алоҳидалаш, уларни тиббий кузатувда ушлаб туриш тадбирлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу инфекцияни бартараф қилиш мақсадида тузилган комиссия ва штаблар 24 соат давомида вазиятни назорат қилиб боришмоқда. Бунинг замирида энг аввало халқимиз, юртдошларимиз, ҳар бир фуқаромиз нобуд бўлишининг олдини олишдек муҳим мақсад ётганлигини барчамиз англаб этмоғимиз зарур.

Шу баробарда вилоятимизда ҳам коронавируснинг олдини олиш борасидаги профилактика ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бу борада барча зарурий чоралар кўрилаяпти.

Коронавирус инфекцияси тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича берилаётган тавсиялар ва шахсий гигиена қоидаларига фуқароларнинг қатъий амал қилиши назорат қилинмоқда.

Хитой, Ҳиндистон, Европа, айрим давлатларидаги вазият барчамиз учун сабоқ бўлиши керак. Касалликнинг кенг авж олиб кетишига йўл қўймаслик учун ҳар биримиз бирдек маъсулмиз. Биз нафақат ўзимиз, оиламиз, яқинларимиз, балки ҳар бир инсон саломатлиги учун масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.

Биздан фақатгина ҳушёрлик ва ўзимизни ҳамда муқаддас оиламизни асраш, қўйилган тақиқларга ва тартибга фаол инсоний позицияда туриб амал қилиш ҳамда тиббиёт ходимлари тавсияларини бажариш талаб қилинаётган экан, барчамиз шунга дахлдор, масъул бўлган соҳалар меҳнатини қадрлашимиз керак.

Қолаверса, бу офатни енгиш учун аҳил бўлишимиз, халқимизга хос бўлган оғир-вазминлик билан иш тутишимиз, ортиқча ваҳимага берилмаслигимиз ва албатта уйда қолишимиз лозим.

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+