Пандемияга қарши курашнинг олдинги сафида

30.09.2020 18:09:48

 

Бутун мамлакатда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам коронавирус пандемиясига қарши кураш самарадорлигини ошириш, аҳоли ўртасида касалланиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Кейинги ойларда ихтисослаштирилган шифохоналар қаторига қўшилган бир қатор даволаш муассасалари  фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам бор. Бу ерда бир йўла тўрт юз нафарга яқин бемор хасталикдан халос бўлиши мумкин.

Албатта, бунинг учун маҳаллий ҳокимият идоралари, соғлиқни сақлаш ва бошқа ташкилотлар ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб бордилар. Биринчи навбатда, беморлар учун шарт-шароитлар яратилди. Юқори малакали  тиббиёт ходимларидан иборат жамоа шакллантирилди. Уларнинг бир қисми шу ерда ишлаган мутахассислар. Бошқа муассасалардан жалб этилганлар ҳам талайгина.  Барча шу кунларда шифокорлик бурчига юксак садоқатларини намойиш этиб, эл саломатлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Абдуваҳоб Худойбердиев ана шундай юзлаб инсонлардан бири. Унинг асосий мутахассислиги - травматолог-ортопед. Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери мазкур тиббиёт бирлашмасида меҳнат қилиб келади. Айни пайтда пандемияга қарши кураш олиб бораётган шифокорларнинг олдинги сафида.

- Шифохонамиз июнь ойининг ўрталарида COVID-19 оқибатларини бартараф этиш учун ихтисослаштирилди, - дейди у. - Мен ҳам четда туришни ўзимга эп билмадим. Иш ўн беш кунлик вахта усулида ташкил этилган. Ҳозиргача тўрт бор ярим ойдан навбатчилик қилдим. Бу орада  қанчадан-қанча одамларга оғир касалликдан фориғ бўлиб, оилалари бағрига  қайтишларига кўмаклашганимдан бахтиёрман. Бу билан ўзимнинг давлат ва халқ олдидаги вазифамни бажараётганимдан  мамнунлик сезаман.

Музаффар Абдувоҳидов, Муҳаммаджон Иномиддинов каби шифокорлар ҳам фидойиликда Абдуваҳобдан қолишмайдилар. Улар кечаю-кундуз беморларга  ёрдамга келишга шай. Ҳар бир кишининг ҳолатини пухта ўрганиб, зарур муолажалар белгилайдилар. Кейин эса уларнинг бажарилишини назорат қиладилар. Шифокорлар ўзаро мулоқотлар жараёнида беморларнинг тиббий билимларини оширишни ҳам унутмайдилар. Уларга тождор вируснинг ўзига хос хусусиятлари, унга чалинмаслик учун нималарга эътибор қилиш кераклиги  ҳақида сўзлаб берадилар.

Бирлашманинг травматология бўлимида фаолият юритаётган шифокорлар ҳақида гап кетганда, ҳамшира Наргиза Қирғизова номини ҳам ҳурмат билан тилга олишади. У бу ерга вилоят кўз касалликлари шифохонасидан жалб этилган. Онаси каби саломатлик посбони бўлишни орзу қилиб, Чортоқ туманидаги тиббиёт коллежида ўқиган. Ўн уч йилдан бери соҳада ишлаб, яхшигина тажриба тўплади. Белгиланган муолажаларни ўз вақтида ва сифатли  бажариш унинг доимий одати.

Замирахон Исмоилова, Нигора Аҳмадалиева, Гулчеҳра Нўъмонова каби ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ҳам ўзларининг беминнат хизматлари билан беморлар олқишига сазовор бўлмоқдалар. Уларнинг намунаси бошқаларни фидокорлик кўрсатишига чорламоқда.

Учқўрғонлик Зиёдулла Турсунов биз юқорида тилга олган саломатлик посбонларидан шифо топган беморлардан. Мана, унинг дил сўзларига гувоҳ бўлинг.

 - Қўғай қишлоғидаги “Исломобод” маҳалласида яшайман, ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, - дейди у. - Бирдан мазам қочиб, тана ҳароратим кўтарилди. Дастлаб уйда даволанишга уриндим. Лекин самара етарлича бўлмади. Шунинг учун шифокорларга мурожаат этдим. Бу ерда даволана бошлаганимдан кейин тўғри иш қилганимни тушундим. Қаров ва даволаш даражаси юқори бўлди.

Яна бир эътиборли жиҳати - шифохонада беморларга тақдим этилаётган дори-дармонларнинг барчаси давлат ҳисобидан. Ҳеч ким ёнидан бир сўм сарфламайди, кунига тўрт маҳал овқат таъминоти  йўлга қўйилган. Бу ҳам давлат ҳисобидан. Умуман, шифохонадаги ҳар бир жараёнда юртимизда инсонлар ҳақида қилинаётган беқиёс ғамхўрлик ўз аксини топмоқда.

                                                                          Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

   Ўзбекистон “Адолат” СДП

   Наманган вилоят Кенгаши

   матбуот котиби       

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+