Янгиликлар 2170
Партия депутатлик гуруҳи раҳбари вилоят ҳокимига таклиф билан мурожаат қилди
Фарғона вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги йигирма учинчи сессиясида вилоят ҳокимининг 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари бўйича ҳисоботи, шунингдек келгуси йилнинг истиқболли режаларига бағишланган халққа мурожаати юзасидан вилоят ҳокими Хайрулло Бозаровнинг маърузаси тингланди.
Унда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссия раислари, вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Вилоят ҳокими мамлакатимизда инқирозга қарши курашиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган Фармон ва қарорлар пандемия даврида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлганлигини айтиб ўтди. Жумладан, мазкур фармон ва қарорлар билан вилоятда фаолият кўрсатаётган 20 мингдан ортиқ тадбиркорларга қарийб 400 млрд. сўм солиқ имтиёзлари берилди. 7,2 мингта тадбиркорларнинг 1,3 трлн. сўм кредит қарздорлиги 6 ой муддатга узайтирилди.
Шунингдек, кичик бизнесни ривожлантириш, қурилиш йўналиши, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, ижтимоий соҳани ривожлантириш, эҳтиёжманд оилаларни турмуш тарзини яхшилаш каби ижтимоий ҳаётнинг барча йўналишларида олиб борилган ишларни мисоллар асосида таҳлил қилиб берилди.
Йиғилишда вилоят “Она ва бола” скрининг маркази раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Манзурахон Салимова ўз таклифлари билан вилоят ҳокимига мурожаат қилди.
-Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш доимо долзарб аҳамиятга эга бўлган масалалардан биридир. Ҳеч кимга сир эмас, пандемия даврида тизимдаги камчиликлар, тиббий техника воситаларининг етишмовчилиги янада сезилди. Шундай экан, шаҳар ва туманларда эрта-ю кеч узлуксиз хизмат курсатувчи тиббиёт муассасаларини, перинатал, скрининг марказлари ҳамда иккинчи босқич мақоми берилган Марғилон ва Қўқон туғуруқ комлексларини моддий техника базасини мустаҳкамлаш, яьни замонавий аппаратура ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш лозим. Зарур ўзгаришлар амалга оширилса, вилоятимизда оналар ва болалар ўлимининг янада камайтирилишига эришилиб, келажак авлоднинг соғлом униб-улғайишида янада кўпроқ имкониятга эга бўламиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг