Янгиликлар 1226
Партия етакчисининг Хоразмга ташрифи улкан мақсадлар сари ундади
Бугун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази Хоразм филиалида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг воҳамизга ташрифи муносабати билан хоразмлик адолатчилар билан учрашуви ташкил этилди.
Учрашувга партия вилоят Кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман Кенгашлари, бошланғич партия ташкилоти, “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти” раислари депутатлар иштирок этишди.
Тадбир даставвалида партия етакчиси вилоят онкология маркази фаолиятида олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди. Жумладан, муассаса ҳудудида қурилиши бошланган болалар бўлими, янги ўрнатилган Нур ва бошқа замонавий тиббиёт ускуналар фаолияти билан қизиқди. Соҳа ривожи ва келгуси режалар тўғрисида филиал раҳбари, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Тоҳиржон Палванов билан қизғин суҳбатлашди.
Шундан сўнг партия етакчисининг партия ходимлари билан дилдан суҳбати давом этди.
Йиғилишни партия вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палванов кириш сўзи билан очиб берди. Унда Таъкидланганидек, 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтган сайлов олди жараёнларида Б.Абдуҳалимовнинг воҳага ташрифидан сўнг бир қатор долзарб бўлган муаммолар ижобий ечимини топган. Жумладан, партия етакчисининг вилоят ҳокими билан ташкил этилган суҳбатидан сўнг, онкология касаллигига чалинган бемор болалар муассасада шароитлар мавжуд эмаслиги сабаб ёши катта беморлар билан бир хоналарда ётиб даволанишида катта муаммоларга дуч келаётган эди. Айни пайтда давлатимиз томонидан катта миқдорда маблағ ажратилиб болалар бўлими қурилиши бошлаб юборилди ва тез кунда фойдаланишга топширилади. Шунингдек, партия шаҳар ва туман Кенгашлари қулайликларга эга бўлган иш хоналар билан таъминланди,Урганч шаҳридаги “Байналминалчи” маҳалласида яшаётган ва “Темир дафтарда” турган 12 нафар хотин-қиз томонидан мурожаат этилган муаммолар ижобий ечимини топди.
Шундан сўнг шаҳар туман Кенгашлар фаолиятида олиб борилаётган ишлар, муаммо ва камчиликлар муҳокамасига ўтилди. Унда Кенгаш раисларининг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилишда Партия Сиёсий Кенгашнинг топшириғига ҳамда жорий йил учун ишлаб чиқилган режага асосан партия лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишлар хусусан, партияга аъзо қилиш, аъзолик бадаллари, ўтказилаётган тадбирларнинг самарадорлиги, бошланғич партия ташкилотилари, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти”лари, депутатлар ва депутатлик гуруҳлари фаолияти, ишчанлик даражаси ва уларни фаоллигини оширишга қаратилган чора- тадбирлар хусусида сўз юритилди.
Мулоқотлар давомида Кенгашлар томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам ўртага ташланди. Жумладан, Кенгашнинг самарали фаолияти учун БПТларнинг сони камлиги, партияга аъзо қилиш масаласида бир оз оқсоқликка йўл қўйилаётганлиги борасидаги сусткашликлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.
– Меҳриноз Абдиязова, Шовот туман Кенгаши раиси, “Ёшлар парламенти” аъзоси:
– Партиямизнинг Сиёсий Кенгаши раиси билан бўлиб ўтган учрашув ҳар доимгидан ҳам самарадорлиги билан ҳар бир ҳамкасбимизга янада шижоат ва ишчанлик кайфиятини улашди. Партия сайловолди дастурида илгари сурилган асосий масалаларнинг ҳаётга тадбиқ этилгани, партиямиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳар бир партия фаолининг, шу қаторда менинг ҳам партия раиси сифатида муносиб ўрним борлигини дилдан ҳис этдим ва бор куч-ғайратимни партиям ривожи орқали мамлакатимиз тараққиёти учун янада кучлироқ меҳнат қилишни мақсад қилдим.
Учрашув давомида Б. Абдуҳалимов 77 та йўналиш 100та мақсадни ўз ичига олган 2022-2026 йиллар учун мўлжалланган Тараққиёт Стратегиясининг шаклланишида партиямизнинг муносиб ўрни борлиги ва бу мақсадларни амалга оширишда ўрнимизни янада мустаҳкамлашимиз керак, деб самимийлик билан адолатчиларга қилган даъвати ҳар бир партия ходими зиммасига чуқур масъулият юклади ва улкан мақсадлар сари ундади.
Партия етакчисининг Хоразм воҳасига бўлган алоҳида ҳурмат эътибори, 30 март кунлари Давлатимиз Раҳбарининг Туркия Давлати Президенти билан Хива шаҳрига ташрифи чоғида “Ичан қалъа” мажмуаси тарихида битилган тарихий ёзувларни ўқиб беришда Б.Абдуҳалимовнинг шогирдлари хизмат кўрсатгани тўғрисидаги хабар иштирокчиларни тўлқинлантирмасдан қўймади.
Дарҳақиқат, соҳанинг ривожи, унинг халқ орасида эгаллаган обрў-эътибори соҳа етакчисининг халқ орасида тутган ўрни, раҳбарлик қобилияти, кучли билим эгаси, самимий ва камтарона фазилатларига боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, бу галги учрашув ҳам партиямизнинг ривожи учун яна янги қадамлар қўйилишига замин яратди.
Бир сўз билан айтганда, партия етакчисининг воҳамизга уч кунлик ташрифи илм-фан, тиббиёт, сиёсат ва бошқа соҳалари ривожи орқали мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш ва кўз қорачиғидай асрашга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби,
Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг