Партия етакчиси Хоразмда нималарга эътибор қаратди?

18.03.2021 17:03:22

Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов  Хоразм  вилоятига  ташриф  буюрди.

    Ташриф даставвалида Б.Абдуҳалимов вилоят ҳокими  Фарход Эрманов билан учрашди. Унда  Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят   шаҳар ва туманлар Кенгашлар биноларини реконструкция ва таъмирлаш масаласи  ҳамда  шу пайтгача  Хоразм “Маъмун” академиясида тиббиёт соҳасига оид лаборатория мавжуд эмаслигига эътибор қаратилди. Вилоят ҳокими бу таклифни қўллаб-қувватлади ва  “Маъмун” академиясида тиббиёт соҳасига дори  лабараториялар ташкил этишга келишиб олинди.

   Шундан сўнг партия етакчисининг  Тошкент Тиббиёт академияси Урганч филиалида “Таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг иштироки” мавзусида  учрашув ташкил этилди.  Тадбирда профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар, ёш олимлар, бўлажак шифокорлар, партия ходимлари, депутатлар, БПТ раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари  вакиллари иштирок этишди.

   Б.Абдуҳалимов нутқида таълим ва фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳамда  соҳадаги камчиликлар  тўғрисида сўз юритди.

Таъкидланганидек, илм-фан – ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир. Ўзбекистон замини азалдан башарият цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган, жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиёти йўналишини маълум даражада белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистон Фанлар академиясининг олимлари буюк аждодлар анъаналарини муносиб давом эттириб, мустақил Ватанимизнинг илмий-иқтисодий, илмий-техник, маданий, маънавий-маърифий тараққиёти йўлида кенг кўламли илмий изланишлар олиб бормоқда.

  Тадбирда илм-фан ривожи учун  амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ва  уни ижросида барчамиз бирдек  масъул эканимиз тўғрисидаги Б.Абдуҳалимовнинг  жонли мулоқоти  иштирокчиларни янада фаолликка чорлади.

     Шундан сўнг савол-жавобларга ўтилди. Жумладан, рус мактабларда ҳар бир синфда  47-50 нафардан  ўқувчилар ўқитилаётгани сабаб бир қатор муаммолар содир бўлмоқда. Шу боис, рус мактаблари сонини ошириш муҳимлиги,   Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида рус тили фани фақат 1 курс  талабаларига ўқитилиши, бу ҳам ўз навбатида  бўлажак шифокорлар учун бир мунча муаммоларни келтириб чиқараётгани, нафақа ёшидаги шифокорларнинг аксарияти  компьютерни билмаслигини эътиборга олиб, улар учун компьютер ўрганиш курсларини  ташкил этиш лозимлиги тўғрисидаги таклифлар  партия фаоллари томонидан эътиборга олинди.

   Шунингдек,   магистратурани давом эттираётган  талабаларнинг фарзандлари учун Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали қошида мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф жойнинг ўзида хал этилди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов ва Тошкент  Тиббиёт Академияси Урганч филиали директори Рашид Рўзибоевлар томонидан  таклиф бир оводан қўллаб-қувватланди ва филиал қошида МТМ барпо этилиши режалаштирилди.

   Қизғин бахс ва мунозаралар, таклифлар қизғин тус олган тадбир сўнгида иштирокчилар қизиққан саволларига  партия фаоллари томонидан батафсил жавоблар олишди.

   Шундан сўнг ташриф мазкур олийгоҳда байрамона ташкил этилган, турли миллатлардан келиб таҳсил олаётган, бўлажак шифокор талабалар томонидан ўз миллатига мансуб бўлган миллий таомлар кўргазмаси намойиши билан давом этди. Тадбир давомида ўзбек санъати билан бир қаторда бошқа   миллатлар санъатининг  жозибадорлиги тадбирга кўтаринкилик бағишлади.

    Баҳром Абдуҳалимов  10 дан зиёд   миллатлардан, жумладан, Покистон, Ҳиндистон, Арабистон, Эрон, Қозоғистон, Афғонистон,  Туркманистон ва бошқа миллатларга мансуб бўлган талабалар билан инглиз ва бошқа давлат тилларида  самимий ва дилдан  гаплашиб, улар билан савол-жавоб қилгани барча иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.

    Шундан сўнг Б.Абдуҳалимов бошчилигидаги гуруҳ “Урганч Трансгаз унитар  корхонаси”даги БПТ фаолияти билан яқиндан танишди.  Жойнинг ўзида ташкил этилган партия Хоразм вилоят Кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман Кенгашлари билан учрашуви ҳам юқори даражада бўлиб ўтди.

  Унда партиянинг воҳадаги нуфузини янада ошириш,  кутилаётган сиёсий жараёнда ҳамжиҳатлик билан муносиб ҳисса қўшиш,  яхши натижаларга эришиш каби таклиф ва тавсиялари партия фаолларининг фаолиятида дастуриламал вазифасини ўтади.

   Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида раис  Урганч шаҳридаги  “Байналмилалчи”  МФЙ да бўлиб “Аёллар дафтари” рўйхатидан жой олган аёллар билан суҳбатлашди.Уларнинг қийнаб келаётган муаммолари билан қизиқди. Жумладан, бандлик, уй-жой, моддий ёрдам ва бошқа масалалардаги  баён этилган муаммолар  партия фаолларининг диққат марказидан жой олди.

Хусусан “Байналмилалчи” маҳалласида яшовчи кам таъминланган  оила аъзоси Назира Раҳимова 8 жон икки хонали уйда яшаётгани ҳамда моддий томондан қийналаётгани тўғрисида баён этди.   Шу маҳаллада яшовчи   Анабиби Жабборова ҳам  уйини таъмирлашга муҳ                                                                тожлиги борлиги,  2-гуруҳ ногирони  Дилбар Жуманиёзова дори-дармонлар сотиб олиш учун моддий томондан қийинчиликлар бўлаётгани,  Муҳаббат Муратова  моддий ёрдамга мухтожлиги, Роҳат Матяқубова маҳалладаги кўп қаватли уйларнинг ер тўласида шароит яратиб яшаётгани  ва бошқа аёлларнинг муаммолари эшитилди, мурожаатлари  эътиборга олиниб,  имконият даражасида ижобий ечимини топиш чоралари кўриладиган бўлди.

   Бир сўз билан айтганда, партия Сиёсий Кенгаши раисининг  воҳамизга ташрифи  ёшларни илм-фанга бўлган  ҳурмат ва эътиборини мустаҳкамлашда, партиямизнинг кенг омма орасидаги мавқеъини оширишда ҳамда мамлакатимиз тараққиёти ривожи учун  саъй харакатларни жадаллаштиришда  аҳамиятли бўлди. 

 

                                                                                                                  Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                                                 Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                                            Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+