Партия фахрийлари йўқланди

10.05.2024 10:05:17

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси сафларида бугун юз минглаб ватандошларимиз эзгу мақсадлар йўлида бирлашган ҳолда юрт тинчлиги, ватан тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллари, яъни 1995 йилда Адолат партиясига асос солинган бўлса, давлат ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида энг илғор ғояларни илгари суриб, юртдошларимиз меҳрини қозонган ҳам бизнинг партиядошларимиз эди. Муқобил энергиясини ҳаётга татбиқ этиш, олийгоҳларда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда масофавий таълимни жорий этиш, педагогларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш каби энг муҳим ташаббусларни биринчилардан бўлиб илгари сурган фарғоналик сиёсатчи Наримон Шодиев эди.

Халққа фидоийлик, ватанга садоқат, эзгу ҳаракатлар йўлидаги жонбозлиги туфайли Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгашининг илк раисларидан бўлган фахрий партия етакчисининг кўп бор давлат мукофотлари, орден ва медаллар соҳиби бўлганлиги бизнинг фахримиз.

9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосарлари Орифжон Ўлмасов, Бунёджон Аҳмадалиев, Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати Аъзамжон Аҳмаджонов устоз хонадонида бўлиб, байрам туҳфаларини топширдилар.

Партиянинг халқ орасида нуфузни ошириш, ижтимоий –сиёсий ҳаётида янада фаолроқ иштирокини таъминлашда жонбозлик қилган фахрийлардан яна бири, содда ва самимийлиги билан ҳурмат қозонган Фарҳоджон Абдуллаевдир. Фарҳоджон Абдуллаев ташаббуси билан мактаб ва касб ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида энг аълочи ўқувчиларга партия стипендиялари жорий қилиниши Фарғона вилоятида одамларнинг “Адолат” партиясига бўлган хайрихоҳлигини оширгани ҳам ҳақиқат.

Узоқ йиллар давомида солиқ тизимларида фаолият кўрсатиб, иқтисод соҳаси билимдонига айланган яна бир партия фахрийси Адҳамжон Умаровдир. У мафкура масалалари бўйича вилоят Кенгаши раис ўринбосари бўлган даврларда оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ва ёритилган туркум таҳлилий мақолаларни ҳамон фарғоналиклар эътироф этишади.

Адолат ҳар биримиз учун ҳаётий зарурият. Фахрийлар хонадонларида унинг издошлари бўлган партиянинг бугунги
етакчи ва фаоллари устозларни йўқлаш баҳонасида улардан маҳорат сабоқларини ҳам олдилар.



Гулчеҳра Аҳмедова
“Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+