Партия фаоллари учун тажриба мактаби

12.09.2019 10:09:04

Бу йилги сайлов жараёнларига тайёргарлик ишлари барча партиялар томонидан бошлаб юборилган. Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мақсадида, туман ва шаҳар партия ташкилоти раислари иштирокида “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтини Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмасида бўлиб ўтган ушбу семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати У.Сулаймонов ҳам иштирок этди. Семинарда “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги”, “Сайлов жараёнларида қўлланиладиган сиёсий технологиялар” мавзусида керакли маълумотларни айтиб ўтди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, шунингдек, 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишлари бўйича сўнгги уч йилда амалга оширилган ишлар семинар-тренинг иштирокчиларига аниқ мисоллар билан етказилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Ш.Каримов “Депутатга хайрихоҳ ишончли вакилни тўғри танлай билиш эртанги сайловларда ғалабага эришишни таъминлайди” дея партиянинг вилоят Кенгаши олдида турган вазифалар ҳусусида сўз юритди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодларни саралаш, сайловолди ташвиқот жараёнларига мўжалланган алоҳида мавзулар ҳусусида Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши мутахассиси Б.Аҳмадалиев  тўлиқ тушунтиришлар бериб ўтди. Жумладан, сиёсий партиянинг сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш, партия ва номзодлар имижини шакллантириш каби мавзуларда кўргазмали воситалари ҳамда интерактив ўйинлар орқали тушунтириб берди.  

Ўзбекистон “Адолат” СДП Учкўприк туман Кенгаши раиси Л.Туранов самарали сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайлов кампанияси тактикаси, сайловолди тарғибот-ташвиқот ва ОАВ билан самарали мулоқотга киришиш, сайловга доир пиар технологиялар ҳусусида қатнашчиларга ўз тушунчаларини баён этди.

Сайловолди курашда йўл қўйиладиган хатолар, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш ва ўтказиш, номзоднинг кучли ва кучсиз жиҳатлари таҳлили, интервью бериш қоидалари ҳақида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қувасой Кенгаши раиси Д.Мирзаева  кўргазмали воситалар орқали иштирокчиларга керакли маълумотларни бериб ўтди. Шунингдек, сиёсий дебат ва баҳс-мунозараларда ўзини тутиш қоидалари, сайловчиларнинг диққатини жалб этиш усул ва воситалари, сайлов кампанияси бош ғояси ва шиорини ишлаб чиқиш каби жиҳатларга ҳам алоҳида тўхталди.

Айниқса, ушбу мавзуларни тушунтиришда интерфаол усуллар, ҳусусан, кўргазмали воситалар ҳамда гуруҳларга бўлиниб ишлаш орқали тренерларнинг малакасини ва билимларини оширишга жуда катта ёрдам берди.

Ўтказилган ўқув тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда ушбу семинарда олган билим ва тажрибалар Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий партиялар тизимида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Н.АКРАМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

туманлараро ижрочи котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+