Янгиликлар 2079
Партия ғоялари – амалда
“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Олмалиқ шаҳрида “Партия ғоялари: ҳуқуқ, бурч ва манфаатлар бирлиги” шиори остида Президентимиз томонидан имзоланган “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг туман шаҳар Кенгаши раислари, таълим соҳаси мутассадилари, партия фаоллари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йилда парламентга Мурожаатномасида мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мақсади ётибди.
Таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлашга катта куч ва маблағлар йўналтирилаётгани бежиз эмас. Мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот масалалари фаолиятида сифат ўзгаришлари қилиш таълим соҳасидаги муаммоларнинг ечимида дастуруламал ҳисобланади. Юртимизда ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан чамбарчас боғлиқланган. Бу масалада ҳаммаси аён: илм–фан ва таълим-тарбиясиз мамлакатни қудратли, миллатни буюк қилиб бўлмайди. Йиғилиш ана шу руҳда, танқидий-таҳлилий, музокара–мунозаралар руҳида ўтди:
Зухра Пўлатова, 7-мактаб директори:
-Президентимиз, “Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади” деганда беихтиёр тўлқинланиб кетдим. Қаранг, биз меҳнат қилаётган жонажон мактаб Янги Ўзбекистоннинг остонаси экан! Бу фикрга тўлқинламай бўладими? Аслида бу фикр ҳар биримиз ўз фаолиятимизни қайтадан кўриб чиқиш учун энг мукаммал даъватдир. Ўқувчи нима учун мактабга келаётганлигини ва мактаб унга нима беришини ҳис қилиши ёки ўқитувчи янги авлод тарбияси йўлида қандай имкониятларга эга эканлигини билиши энг муҳим масаладир. Бугун кечаги дунёқараш билан, кечаги конспект билан синф хонага кириш мумкин эмас. Энди ўқувчи ҳам мактабга кечаги кайфият билан келмаслиги керак. Президентимизнинг таълим хусусидаги Фармон лойиҳаси бизга ана шулардан сабоқ бермоқда.
Марҳабо Дадаматова, Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси Таълим сифатини ташкил этиш ва инновацион технологияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи:
-Руҳий бардамлик, жисмоний тайёрлик мактаб ўқувчиси учун энг муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Боласини мактабга кузатаётган оилада руҳий носозлик, носоғлом муҳит ҳукм сурса, бола оч-ноҳор мактабга йўл олса, биз уларга ҳеч қандай талаб қўя олмаймиз. Айтишадику, оч қоринга қўшиқ ярашмайди, деб. Шунинг учун катта ният ва мақсадлар ечимида боланинг руҳий ва жисмоний ҳолати катта аҳамиятга эга. Шунинг учун мактабга йўл олган боланинг овқатланиш ҳолати, таълим масканларимизда эса, ошхоналаримизнинг имконият даражаларига мувофиқлашитирилиши бениҳоя муҳим масала.
Шунингдек, яна бир тадбир партия фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари шаҳардаги “Чамбил”, “Рамазон”, “Коинот”, “Беклар диёри” маҳаллаларида “Хотин-қизларларнинг фаоллигига нисбатан зўравонликларни олдини олиш мамлакатдаги ислоҳотларнинг муҳим омили” мавзусида хотин-қизлар билан учрашув ўтказди. Унда психолог, маҳаллаларнинг аёллар масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этди. Улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар тингланди.
Шунингдек, мазкур маҳаллаларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож аёлларга партия фаоллари, депутатлар томонидан кийим-кечаклар тарқатилди.
Бундан ташқари, “Дори воситаларининг ноқонуний айланишига қаршимиз” лойиҳаси доирасида ҳудуддаги дорихоналар фаолияти ўрганилди. Жумладан, шаҳардаги “КАМОЛА ФАРМ-ПЛЮС”, “ДИЛНОЗАХОН ФАРМ”, “РЕЛАКС ФАРМ” каби хусусий дорихоналаридаги нарх-наво, дори-дармонларнинг сифати, сертификациядан ўтказилганлиги, савдо қоидаларига амал қилинаётганлиги, товар чекининг берилиши ва дори воситаларининг ноқонуний айланишининг олдини олишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тўлиқ ижросига эътибор қаратилди.
Фотима САТТАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг