Янгиликлар 3911
Партия халқни сифатли дори воситалари билан таъминлашга сўз берди
Ўз олдига халқчил ва ҳаётий ғоялари билан кириб келишни мақсад қилиб қўйган Ўзбекистон “Адолат” СДП бугун фуқароларнинг манфаатлари йўлида уларнинг фаровонлигини таъминлаш, адолатли фуқаролик жамиятини қуриш масаласини сайловолди дастурида қайд этиб ўтган. Албатта, партиянинг ана шундай мақсад ва ғояларини тарғиб этиш, халқнинг сиёсий қарашларини шакллантириш, сайлов жараёнларида фаоллигини ошириш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан навбатдаги митинг Когон туманида бўлиб ўтди. “Сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларига қаршимиз” шиори остида ташкил этилган тадбирда партия ходимлари, фаоллар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Митинг давомида сўзга чиққан партия вакиллари партия аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш тарафдори эканлигини айтиб ўтишди. Шунингдек, тиббий фаолият устидан давлат-санитария назоратини кучайтириш, дориларни шифокор рецепти асосида берилишини йўлга қўйиш, дорилар рекламасини чеклашга қаратилган қонунларнинг қабул қилинишига эришиш, юқори самарали хавфсиз дори-дармон ва тиббий воситалар билан арзон нархларда таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори-дармонларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишга эришиш, чакана савдога тушувчи барча дорилар устидан қатъий давлат ва жамоат назоратини ўрнатишга аҳамият қаратилганлиги қайд этилди. Шу мақсадда дориларнинг ягона электрон базасини шакллантиришни ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қилиш, бу тизим билан дориларнинг нархини барқарорлаштириш ва сифатини таъминлашга эришиш мумкинлигини таъкидлашди. Намойиш давомида қайд этилган барча таклифлар йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.
-Таъкидлаш жоизки, бугун партия томонидан соғлиқни сақлаш тизимида қатор амалий ишларга аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, тиббиётчиларни турли тажовузлардан ҳимоя қилиш, бепул ва тизимли тиббиётни барқарорлаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда Бу борада партиянинг қуйи ташкилот вакиллари ҳам ўзларининг фаолликларини кўрсатиб келмоқда, - дейди сўзга чиққан депутат Нодира Мўминова.
Митингда қилинган амалий ишлар хусусида таъкидланар экан, фуқаролар томонидан мавжуд муаммолар юзасидан таклифлар ҳам айтиб ўтилди, соҳа билан боғлиқ танқидий масалалар кўтарилди. Айниқса, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оила вакиллари учун бепул тиббий кўриклар билан бир қаторда бепул дори-дармон тарқатиш муаммосига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги, дорихонларда мутахассисларнинг фаолият олиб борилишини таъминлаш масалалари айтилди.
Барча таклифлар юзасидан аниқ фикрлар билдирилди. Митингда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш баробарида иқтидорли ёшлар, бадиий ҳаваскор жамоаларнинг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг