Янгиликлар 4220
Партия номзодлари курашга тайёрланмоқда
Сиёсий партиямизнинг мамлакат ва жамият тараққиётидаги иштироки, давлат бошқарувидаги ўрни кўп жиҳатдан сайлов натижаларига боғлиқ. Шунинг учун бу галги сайловларга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП “сайловларга муносиб номзод ва халқчил сайловолди дастур билан кириб бориш — муваффақият гарови” тамойилига амал қилмоқда. Халқ ишончига сазовор бўлган, уларга сайловолди дастуридаги энг устувор йўналишларни етказа олиш қобилиятига эга, берган ваъдасининг устидан чиқадиган номзодларгина сиёсий курашда ғолиб бўла олиши мумкин.
Шу боис жорий йилнинг 3-5 ноябрь кунлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда. Унда сиёсатшунос, имижмейкер, сиёсий-консултант, журналист ва психологлар томонидан партия номзодлари бўлғуси сиёсий курашларга тайёрланмоқда.
Тадбирда дастлаб жорий йилда қабул қилинган Сайлов кодексининг ўзига хос жиҳатлари, номзодларни рўйхатга олиш, сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби, шакллари, усуллари тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, бугунги глобаллашган жамиятда оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланмасдан туриб, муваффақият қозониб бўлмаслиги қайд этилди.
Маърузаларда таъкидланганидек, ҳозирги сайловчилар сиёсий ва мафкуравий жиҳатдан янгича қарашларга эга, улар олиб борилаётган ислоҳотларга мос равишда прогрессив фикрлайдиган сайловчилардир.
Шунинг учун халқ қаршисига чиқаётган ҳар бир номзоднинг билим ва савияси, нутқи мукаммал бўлиши, энг асосийси, аҳоли билан мулоқот қила олиши лозим. Шу мақсадда Сайловолди дастуримиздаги вазифалар мазмун-моҳияти ва уларни амалга ошириш механизмлари номзодларга атрофлича тушунтирилди. Бундан ташқари номзодларга сайлов округининг ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари, округ аҳолисининг қизиқишларидан келиб чиқиб, ўз дастурларини тайёрлаш бўйича мастер-класслар ўтказилди.
Қизғин бахс-мунозараларга бой бўлган семинарда амалиётчилар томонидан номзодларга ўтган сайловларда йўл қўйилган камчилик ва хатолар чуқур таҳлил этилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шунингдек, дебатларда, интервьюлар бериш, сайловчилар билан учрашувлар, баҳсли вазиятларда ўзини тутиш юзасидан фикр алмашилди.
Амалий машғулотлар давом этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Фикрингизни қолдиринг