Янгиликлар 2243
«Партия патронажи» МТТ ва коллежга борди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги 19-сонли мактабгача таълим ташкилотида йигирма нафар хотин-қизлар фаолият юритади. Асосий вазифаси муассаса тарбияланувчилари билан машғулот олиб бориш бўлган ходималардан партиянинг вилоят Кенгашига чақирув бўлди. Мақсад эса Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлиш. Улар ушбу истагини партиянинг Аёллар қаноти вилоят Кенгашининг раиси Дилшода Таниқуловага билдиришди. Ўз вақтида берилган жавоб сифатида аёллар етакчисининг шахсан ўзи мазкур МТТда бўлиб, ариза муаллифларига партияга аъзолик гувоҳномларини тантанали равишда топширди. Шунингдек, партия “Аёллар қаноти” томонидан шу кунгача олиб борилган ишлар, йўлга қўйилган лойиҳалар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Билдирилган таклифлар инобатга олинган ҳолда мазкур муассасада БПТ ҳам ташкил этилди. Аъзоликка қабул қилинган хотин-қизларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Партиянинг вилоят Кенгаши томонидан ҳар пайшанба “Партия патронажи куни” сифатида эълон қилингани боис Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиер шаҳар Кенгаши ҳам “Партия патронажи” лойиҳасини Янгиер шаҳридаги педагогика коллежида ўтказишди. Партияга аъзо бўлиш мақсадида ариза билан Кенгаш раиси Фарҳод Расуловга мурожаат қилишди. Олти нафар педагог ва турли касбдаги ходимларнинг ҳужжатлари шу куннинг ўзидаёқ расмийлаштирилди. Аъзолик гувоҳномалари эса Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Дилфуза Умерова томонидан тантанали равишда топширилди. Партия сафига янги қабул қилинган аъзолар учун Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастури ва партиянинг низоми билан батафсил танишиб чиқишлари учун тарқатма материаллари тақдим этилди.
Партиянинг Гулистон шаҳар Кенгашига эса “Сирдарё туризм” МЧЖнинг икки нафар ходимидан чақирув тушди. Карантин талабларига амал қилинган ҳолда уларнинг чақирувларига ҳам ўз вақтида жавоб берилиб, аъзолик гувоҳномалари топширилди.
- Бизга партиянинг қилаётган амалий ишлари маъқул бўлди. Чунки кўп маротаба йиғилишлар ўтказиб, вақтни бехудага сарфлагандан кўра ҳаётий ва амалий ишлари билан ишончимизни оқлашди. Шу сабабли партиянинг Сирдарё вилоят Кенгашига қилган мурожаатимиз эътиборсиз қолмади. Зарур ҳужжатларимизни тезкорлик билан қабул қилишиб, бугун қўлимизга аъзолик гувоҳномаларини топширишди. Ҳақиқатан “Партия патронажи” лойиҳаси тез ва самарали ишлар экан. Бизнинг вақтимизни қадрлаб, ўзлари ташриф буюришгани мақсадга мувофиқ бўлди. Лойиҳа ташкилотчиларига раҳмат - дея миннатдорчиликларини билдиришди партияга аъзо бўлган ҳамюртларимиз биз билан суҳбатда.
Ҳа, бугун “Партия патронажи” вилоятдаги деярли барча ташкилотларга кириб бормоқда. Муҳими аъзоларнинг сонини ошириш ва сифатли фаолиятни йўлга қўйиш. Зеро “Адолат” СДП тарафдорларини партия сафига қўшишда мазкур лойиҳанинг ўрни беқиёс.
Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят
Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг