Партия ташаббуси билан ёшлар Қўқон шаҳрига саёҳат қилдилар

01.05.2021 15:05:11

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори мамлакатимизда ички туризмнинг ривожланишида ўзига ҳос чақирувга айланди. Аслида ҳам ҳушманзара табиати билан ажралиб турадиган, муҳташам обидалар, қадимги санъат намуналари сақланиб қолган тарихий ёдгорликлар, бетакрор миллий ҳунармандчилик намуналари билан кишини мафтун эта оладиган диёримизнинг машҳур гўшаларига саёҳат қилишнинг завқи бўлакча.

Ҳар биримиз яхши биламиз, саёҳат давомида инсоннинг руҳий ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилади. Дунёқараши кенгаяди. Фикрлари теранлашади.  Бир сўз билан айтганда, бир олам завқ ва кўтаринки кайфият бағишлайди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят ҳамда Қўқон шаҳар Кенгашлари ҳамкорлигида ёшларимизга бир олам қувонч бағишлаш, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан улуғ аждодларимизнинг  ҳаёти, уларнинг бизга қолдирган тарихий мероси ҳақидаги дунёқарашини янада бойитиш мақсадида “Ватан келажаги – ёшлар қўлида” шиори остида Қўқон шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

Вилоятимизнинг турли ҳудудларида таҳсил олиб, иқтидори, изланувчанлиги билан ўрнак кўрсата олган ўқувчилар Қўқон давлат музей-қўриқхонаси ҳамда “Жоме” амалий санъат музейини бориб кўрдилар.

Саёҳатимиз жуда мароқли ўтди. Музейга  аввал ҳам келганман. Лекин ҳар сафар янги таассуротлар оламан. Ўзгача кайфиятда бўламан, – дейди олтиариқлик Райҳона Холматова. – Менга айниқса, аждодларимизнинг миллий либослари ва Қўқон учун хос бўлган катта ғилдиракли араваси жуда ёқади. Ҳудди мозийдан сўйлаётгандек туюлади. 

Музей қўриқхонаси экспозицияси Қўқон тарихи, Фарғона водийси табиати, ҳайвонот дунёси, маданияти, миллий ҳунармандчилиги билан бирга қадимги ва янги давр тарихи, тангашунослик намуналари, археологик ёдгорликларга оид бой экспонатларни ўзида мужассам этади. Бугунги кунда музейда Ўзбекистон Республикаси миллий музей фонди каталогига “Қўқон” давлат музей-қўриқхонаси фондида сақланаётган 4,5 мингдан зиёд ноёб осори-атиқалар  киритилаётганлиги  қувонарлидир.

“Жомеъ” амалий санъат музейида кўплаб ҳунармандлар билан суҳбатлашдик. Айниқса, Қўқон ҳолвасини таъми мени жуда ҳайрон қолдирди. Шунингдек турли хил заргарлик буюмлари, қатор саф тортиб турган нақшинкор кошинли устунларнинг ҳар бири ўзига хос санъат асари,  ўзгача маънога эга, – дейди учкўприклик Маржона  Муҳаммадалиева. 

Саёҳат давомида ўқувчилар шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларида ҳам бўлдилар.

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона  вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+