Янгиликлар 3997
Партия таваллудига бағишланган спорт мусобақаси
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топганлигининг 25 йиллиги муносабати билан партиянинг Арнасой туман Кенгаши томонидан тумандаги 3-сонли умумтаълим мактабида спортнинг турон якка кураш тури бўйича ёшлар ўртасида мусобақа ташкил этилди.
“Биз ёшлар гиёхвандликка қаршимиз” шиори остида ташкил этилган мазкур мусобақада 2005-2006 йилларда туғилган ёш умидли спротчилар ўзаро беллашишди.
Бугунги кунда янгича фикрлайдиган, ўз мустақил дунёқарашига эга, мустаҳкам фуқаролик позицияси мавжуд ёшларни тарбиялаш устувор вазифа саналади, - дейди партиянинг Арнасой туман Кенгаши раиси Шавкат Худайқулов. - Шу мақсадда мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий соғломлигини мустаҳкамлаш, уларда соғлом турмуш тарзини таъминлаш, спортга муҳаббат туйғуларини кучайтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шарт-шароит яратиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларни соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бунда ёшларни спортга қизиқтириш ва кенг жалб қилишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мусобақа сўнгида ғолиб спортчилар партиянинг I-II-III даражали диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз имкониятларидан кенг фойдаланишларини рўёбга чиқариш, ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар билан мунтазам шуғулланиш масалалари барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлмоғи зарур.
Маҳмуд ХОЛБОЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
туманлараро ижрочи котиби
Фикрингизни қолдиринг