Янгиликлар 1241
Партия ва ёшлар: “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу ўз навбатида ёшларга бўлган ғамхўрликнинг олий кўринишидир. Ёшларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик бугунги глобаллашув даврида диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, ноқонуний миграция, каби хавф-хатарлар кўпайиб, уларнинг таъсири ёшлар ҳаётида жиддий муаммолар келтириб чиқараётган бир паллада муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан Президентимиз томонидан ҳар бир учрашув, анжуман ва йиғилишда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш, улар қалбига қулоқ солиш, дардини тинглаш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш, айниқса уюшмаган ёшлар билан ишлашда янада масъулиятли бўлиш зарурлиги таъкидлаб келинмоқда.
Шунингдек, “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Жондор тумани ҳокимлигида туман ёшлари иштирокида учрашув ташкил этилди. Учрашувда партия фаоллари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш маркази мутасаддилари ҳам иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, бандлигини таъминлаш масалаларида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Президентимиз ташаббуси билан юртимиздаги барча маҳаллаларда Ёшлар масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари иш фаолиятини бошлагани жуда қувонарли бўлди, - дейди партия вилоят Кенгаши раиси. Қайд этилганидек, келажагимиз ворислари бўлган ёшларнинг таълим-тарбияси, замонавий, инновацион билимларга эга бўлиши, ҳар жабҳада фаол ўз қобилиятларини намоён этишлари учун бугун юртимизда имкониятлар етарли. Ёшлардан эса фақат ва яна фақат ўқиш, изланиш ва ҳаракат талаб этилади.
Тадбирдан сўнг партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши Жондор туман ҳокимлиги Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда туман ёшлари учун “Меҳнат ярмаркаси” ташкил қилинди.
Ушбу ярмаркада тумандаги барча МФЙлардан иштирок этган ёшлар туманда мавжуд бўш иш ўринлари билан бевосита яқиндан танишиб чиқдилар. Ташкил қилинган “Меҳнат ярмаркаси”да 20 нафар ёшлар иш билан таъминланди.
Жонибек ЖУМАЕВ
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг