Янгиликлар 2044
Партиядошимиз “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди
Жорий йилнинг 30 июнь - “Ёшлар куни” муносабати билан давлатимиз раҳбари томонидан бир гуруҳ ёшларимиз давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Тақдирланганлар орасида партиядошимиз, Гурлан туманидаги 33-умумий ўрта таълим мактабининг немис ва инглиз тили ўқитувчиси Огулнур Атаеванинг борлиги барчамиз учун қувонарли бўлди.
У Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Огулнур Атаеванинг ёш бўлишига қарамай бир қатор муваффақиятларни қўлга киритгани, унинг истеъдоди, тинимсиз изланишлари мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган имкониятлар ва эътибордан, устоз ва мураббийларининг қўллаб-қувватлашларидан сайқалланиб бораётгани билан шарафлидир.
Огулнур Атаева Қозоғиcтон Республикасининг Нурсултон шаҳрида МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган "Йилнинг энг яхши ёш олими - 2021" халқаро танловида 14 та мамлакат ичида чет тиллар йўналишида биринчи ўринга лойиқ кўрилиб, олтин медал билан тақдирланди ва Миср давлатида бўлиб ўтган адабий анжуманда иштирок этиб, "Адабиёт лауреати" мукофотига сазовор бўлди.
Шунингдек, қаҳрамонимиз қиёсий тилшунослик йўналишида илмий изланишлар олиб бориб халқаро “Уздик Ақин” медал эгаси бўлди. Республика ва халқаро миқёсда ўтказилган турли илмий конференция, танлов ва мусобақаларда мунтазам иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритди.
2017 йил 6-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Deutschtage Samarkand-2017» халқаро семинарида иштирок этиб, фаол иштироки ва теран илмий мушоҳадаси учун Германиянинг ONDAF имтиҳонида Б1 тоифасидаги сертификат ва «Ttilnahmbestätigung» сертификатини қўлга киритди.
2018 йил Украинада ўтказилган халқаро конференцияда фаол қатнашиб сертификат билан тақдирланди. Шунингдек, 2018 йил Германия мамлакатининг ДААД дастури бўйича грант асосида август ойида бир ойлик бепул таълим олиш имкониятига эга бўлди ва 2018 йилнинг ДААД стипендиянти бўлди.
2019 йил 17 январида Германиянинг Сиеген Университети Ўзбекистондаги вакили этиб тайинланди.
Қаҳрамонимизнинг қўлга киритган зафарларни яна санаб ўтиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, келажаги порлоқ, ноёб истеъдод эгаси Огулнур Отаева буюк мақсадлар сари дадил қадамлар билан бормоқда, У кашф этган миллатимизнинг ворислари Ватанимиз довруғини кўрсатишда бутун дунёни забт этиши муқаррардир.
Партиядошимизни ютуқ билан табриклаймиз ва юксак парвозлар тилаймиз.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг