Янгиликлар 959
Партиядошимиз «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди
Фарғона шаҳридаги «Афросиёб» тантаналар саройида мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида нуронийларни эъзозлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев иштирок этди.
Президентимиз қарори билан таъсис этилган «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони фахрийларга юксак ҳурмат ва эҳтиром намунасидир. Нуронийларнинг меҳнати ва кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда эртамиз эгаларини юксак маънавиятли ва руҳан соғлом авлод бўлиб камолга етишида муҳим ўрин тутади. Ҳар бир хонадон файзи ва таровати ҳам шубҳасиз нуронийларимиздир.
Тадбир давомида мамлакатимизнинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳамда бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган, шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб келаётган 60 нафар отахон ва онахонларга давлатимизнинг I, II, III даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари тантанали топширилди. Уларнинг ичида партия фаоли Наримон Шодиевнинг ҳам борлиги қувонарлидир.
– Эъзоз ва эҳтиромнинг киши қалбига берадиган завқи бизни янада шижоатли қилади, – дейди мукофот соҳиби. – Халқимизнинг хизматида бўлиб, оз бўлсада юрт равнақига қўшган ҳиссамизнинг натижаси бугун кўксимизга қадалди. Албатта бундай эъзоздан барча юртдошларим қатори беҳад мамнун бўлдим.
Вилоятимиздаги эл суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури эса барчага янада кўтаринкилик бағишлади.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг