Янгиликлар 3611
Партиянинг 25 ёшига бағишланди
Партиямиз ташкил этилганлигининг 25 йиллик муносабати билан жойларда қатор учрашув, давра суҳбати, семинар каби хилма-хил тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири “Адолат” СДП Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар ва туман Кенгаши ташаббуси билан Оҳангарон тумани 40-сонли умумтаълим мактабида “Биз 25 ёшдамиз!” мавзусида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда педагоглар, ўқувчи-ёшлар, шунингдек, шу атрофда жойлашган “Қизилой” маҳалласи фуқаролари, партия фаоллари иштирок этди.
Тадбирни туман Кенгаши раиси Гўзал Жўраева кириш сўзи билан очиб берди. Унда партиянинг йиллар давомида амалга оширилган ишлари тўғрисида сўз юритди. Шунингдек, қўлга киритилган ютуқларда албатта партия фахрийлари, фаолларининг фидойилиги, тинимсиз меҳнатлари чуқур эътиборга олинди. Айни пайтда устозлар изидан дадиллик билан иш олиб бораётган жамоанинг фаолиятига айтилган дил сўзлар иштирокчилар қалбида кўтаринки руҳ бағишлади.
Сиёсий майдонга ижтимоий адолат ғояси билан кириб келиб, мамлакатимиздаги барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётган “Адолат” СДП ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилувчи жипслашган куч сифатида олдинга интилиб бормоқда. Партия ҳар доим ҳуқуқий демократик давлат, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий барқарор турмуш тарзини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйган.
Партиямиз аъзолари ва хайрихоҳлари, аҳоли ўртасида социал-демократия мафкурасини тарғиб қилиш, унинг бошқа мафкуралардан жозибадорлигини асослаш бўйича қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Натижада “Адолат” СДП аҳоли орасида нафақат қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилувчи, балки социал-демократияни мустаҳкамловчи сиёсий куч сифатида ҳам танилмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, туманда сўнгги йилларда партия тарафдорлари сони сезиларли даражада ортди. Боиси, туманда партия ғоя ва мақсадларини, лойиҳаларини жойларда кенг тарғиб этиш, аҳолининг турли қатламларига чуқурроқ кириб бориш, халқ орасида танилувчанлиги ва нуфузини юксалишида партия фаоллари самарали меҳнат қилиб келишяпти.
Тадбир давомида “Адолат”ни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар янгради. Интилувчан, ижодкор иқтидорли ўқувчи-ёшлардан Асал Қурбонова, Нигора Каримбоева, Икром Абдуллаев, Мархабо Каримова, Саида Комиловалар партиянинг тарихи, унинг самарали фаолияти, сайловолди дастури ҳамда атиргул тимсолидаги логопитнинг мазмун-моҳияти ҳамда партия томонидан ишлаб чиқилган самарали ҳаётбахш лойиҳалари хақида тайёрлаган бир-биридан қизиқарли чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. Энг фаол ўқувчиларга партия томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундай тадбирлар ёшларга маънавий куч бағишлаб, аъзоларимиз сафини кенгайтириш учун хизмат қилиш шубҳасиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилоят Кенгаши
матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг