Партиянинг келгуси 5 йилликдаги муҳим йўналишлари маълум қилинди

30.10.2019 21:10:25

Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар учун матбуот анжумани ўтказди.

Тадбир аввалида партиянинг оммавий ахборот воситалари билан ишлаш тизимини янги босқичга кўтариш, очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати қошида фаолиятини бошлаган Матбуот марказининг очилиш маросими ўтказилди. Журналистлар марказ билан бевосита танишиб, мақсад ва вазифаларидан яқиндан хабардор бўлдилар.

Матбуот анжумани давомида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раис ўринбосарлари Абдукамол Рахмонов ҳамда Фарход Ишанкуловлар партия томонидан бажарилган амалий ишлардан мисоллар келтирди. “Адолат” СДПнинг бу йилги сайловлар арафасидаги позицияси, сайловолди дастурдаги асосий йўналишлари, партия томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ахборот берилди.

Таъкидланганидек, ўтган беш йил ичида фракция аъзолари 43 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлдилар. Шулардан 9 таси яхлит қонунлар бўлса, 34 таси мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат бўлди. “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Конституциявий суд тўғрисида”ги, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги каби яхлит Қонунлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракция аъзоларига сайловчилар томонидан 4 760 дан ортиқ ёзма, 8 670 дан ортиқ оғзаки мурожаатлар бўлган. Уларнинг аксарияти тегишли вазирлик ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўриб чиқилиши учун юборилиб, ҳал этилди.

Сайловларда муносиб иштирок этиш мақсадида ўтган давр мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун 1500 дан ортиқ партия фаоллари кўриб чиқилди ва ўрганилди. Бу жараёнда аёллар масаласига алоҳида эътибор қаратиб борилмоқда. Ҳудди шундай жараён маҳаллий партия Кенгашлари томонидан олиб борилмоқда. Ҳозирда Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлиги учун 4000 дан ортиқ, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлиги учун 17 мингдан ортиқ  номзодлар шаклантирилди ва улар билан партия раҳбар кадрларининг суҳбатлари ташкил этилиб, партия топшириқлари берилиб, уларнинг салоҳияти ўрганилди.

Партия ўз фаолиятини 2014 йилда бўлиб ўтган сайловлар натижасида йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этишдан ва уларни қайтармаслик чораларини олдиндан кўришдан бошлайди. Сайловларга муносиб номзод ва халқчил сайловолди дастур билан кириб бормоқда.

Жумладан, партия “пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз ҳохиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи қонуний базани яратиш чораларини кўрмоқда.

“Адолат” СДП коррупцияни илдизи билан йўқотиш учун курашади. Келгуси 5 йилда Ўзбекистон Республикасининг халқаро коррупцияга мойиллик рейтингдаги ўрнини 158-ўриндан 50-ўринга кўтарилишини таъминлашга қаратилган чораларни белгилаб амалга ошириш ниятида.

Дастурий мақсадлардан яна бири болаларнинг мактабгача таълим муассасаларида қамраб олиниш даражасини икки баробарга, 30 % дан 60 % гача кўтаришдир. Партия ўқитувчилар ҳуқуқий мақоми, иш ҳақининг ошиши ва ижтимоий мавқеини кўтариш учун “Ўқитувчининг мақоми тўғрисида” алоҳида қонун қабул қилиш тарафдори.

“Адолат” СДП олий таълимга кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш таклифини илгари сурмоқда. Контракт асосида ўқишни истайдиганлар учун имтиҳон ва синовларсиз ўқишга қабул қилишни йўлга қўйиш, сиртқи,  кечки ва масофавий таълим шаклини кенг жорий этишни қўллаб-қувватлайди.

Матбуот анжуманида иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар томонидан саволлар ўртага ташланди. Партия раҳбарияти саволларга жавоб қайтарди. Шу билан бирга, “Адолат” СДПнинг ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантришга оид фаолиятига доир таклифлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+