Янгиликлар 3223
Партиянинг “Тарбия” фани ғоясини ҳукумат тасдиқлади
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июлдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ягона «Тарбия» фани жорий ўқув йилидан ўқитиладиган бўлди.
Бу албатта, мени “Адолат” СДПнинг фаоли, депутат сифатида беҳад қувонтирди. Зеро, партиямиз сайловолди дастурида умумий ўрта таълим сифатини тубдан яхшилаш, умумтаълим мактабларини ҳақиқий билим масканларига айлантириш, болалар спорти ҳамда мусиқа ва санъат мактабларини сон ва сифат жиҳатдан янгилаш, болаларнинг мутолаа маданиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Айнан 2019 йилда “Янги Ўзбекистон– янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайлов жараёнларида мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона «Тарбия» фанини жорий қилиш таклифи қайта-қайта илгари сурилган эди. Мақсадларимизга муштарак ҳолда қарор асосида мактабларда жорий йилдан бошлаб, 1–9-синфларда – 2020-2021 ўқув йилидан Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ҳолда янги “Тарбия” фанини киритилиши эса бизга, партия ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ этилиши йўлидаги катта қадам эканлигини англатади.
Шунингдек, қарорга асосан, 10–11-синфларда – 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб мазкур фан ажратилган умумий соатлар доирасида амалиётга жорий этилади. Жорий йил июль ойидан бошлаб янги ўқув йили бошлангунга қадар «Тарбия» фани бўйича тайёрланган ўқув дастурлари ва дарсликлар асосида умумтаълим мактабларидаги «Бошланғич таълим», «Миллий ғоя ва ҳуқуқ», «Тарих» ва «Диншунослик» мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида «Тарбия» фанидан онлайн шаклда мақсадли малака ошириш курсларини ташкил этилиши белгиланган.
Бу албатта фарзандларимизга тарбияни таълимдан ажратмаган ҳолда билим берилиши, маънавий салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб камол топишларида муҳим аҳамиятга эгадир.
Бир жиҳатдан олиб қаралганда, фанларнинг яхлит ҳолга келиши ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, берилаётган топшириқ ва вазифаларнинг бажарилишини осонлаштиради.
Қолаверса, янги фан киритилиши ҳисобига фан ўқитувчиларининг малакаларини оширилиши ва янги дарсликларни жорий этилиши педагог кадрларнинг ўз устида ишлашини таъминлаб, билим ва кўникмаларини синовдан ўтказади. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, таълим тизимидаги бу каби муҳим ўзгаришлар албатта, ўзининг ижобий натижасини беради. Зеро, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир.
Шерзод КАРИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг