Пиллакорларга бир ойлик меҳнати учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилади

27.05.2020 17:05:24

Тўрақўрғон тумани пиллакорлари Наманган вилоятида биринчи бўлиб “кумуш тола” етиштириш ва давлатга топшириш шартномавий режасини уддаладилар. 3031 қути қурт уруғидан 167 тонналик катта хирмон яратилди. Қабул масканларига топширилган қимматбаҳо саноат хом ашёсининг барчаси юқори навларга қабул қилинди.

Эътиборли жиҳати шундаки, пиллакорларнинг меҳнат ютуғига “Адолат” СДП аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшдилар. Масалан, туман партия кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи таркибида изчил фаолият олиб борди. У бошқа мутасадди раҳбарлар қатори жойларда пилла мавсумига тайёргарликдан бошлаб то “кумуш тола” йиғим-теримигача бўлган жараёнларда ўзига ажратилган ҳудудда бош-қош бўлди. Мунтазам ўтказилган мониторинглар натижаси муҳокама қилиб борилди. Аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан эса тезкор ва таъсирчан чоралар кўрилиши таъминланди.

Заҳрохон Аҳмедова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси:

– Туманимизда кейинги пайтда пиллачиликни ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 январда қабул қилинган ипакчилик тармоғида озуқа базасини ривожлантиришга қаратилган қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Бўш ётган майдонларда, дала қирғоқларида янги-янги тутзорлар пайдо бўлаётгани фикримиз далилидир. Шунингдек, пиллакорлар меҳнатининг муносиб рағбатлантирилаётгани ҳам соҳа тараққиётида муҳим роль ўйнамоқда. “Кумуш тола”нинг харид нархи оширилганлиги, қурт боқувчиларга бир ойлик меҳнати учун бир йиллик меҳнат стажи ёзилиши шулар жумласидандир. Аввалроқ қурт боқишни хоҳловчилар сони кескин камайиб кетганди. Эндиликда эса ҳолат батамом ўзгарди.

  Шу ўринда халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун ҳаракатларда жонбозлик кўрсатганликларини қайд этиш лозим. Мисол учун, Эркин Бориев ўзи раис бўлиб ишлайдиган “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғинида пиллакорларга ҳамкор бўлди. Натижада ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган “кумуш тола” ижодкорларининг барчаси белгиланганидан кўп миқдорда ҳосил топширишга эришдилар.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+