Янгиликлар 1464
Пленум йиғилиши: сарҳисоб ва янги вазифалар
Фарғона туманида “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона туман Кенгашининг 2020 йилдаги фаолияти таҳлилига бағишланган навбатдаги Пленум йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳисобот даврида “Адолат” СДП туман Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар мониторинги юритилиб, улар асосида Кенгашнинг умумий фаолияти мувофиқлаштирилди. Шунингдек, партия депутатларнинг аҳоли билан учрашувлари доирасида сайловчиларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қонун ва фармонлар моҳиятини етказиш масаласи кўрилди.
Айниқса, 2020 йилнинг 15 март кунидан коронавирус пандемияси бўйича карантин чоралари белгиланганидан сўнг партиямиз фаоллари ва депутатлар томонидан кам таъминланган аҳоли қатламларига амалий кўмаклар беришга эътибор кучайтирилди.
Март-сентябрь ойларида эса партиянинг туман Кенгаши иш режаси ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ишлаб чиқилган медиа-режа асосида кўзда тутилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга кўпроқ эътибор қаратилди. Айниқса, депутатларимизнинг фаол иштирок этганлари алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Депутатлик гуруҳи томонидан маҳаллаларда аҳоли билан тизимли мулоқот ташкил этилди. Аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан депутатлик сўровлари юборилиб, мурожаатларнинг ижобий ечимини топганликлари ҳам айтиб ўтилди.
Ҳисобот даврида партия депутатлик гуруҳи томонидан халқ депутатлари туман Кенгаш сессиясига 1 та масала киритилганлиги танқидга сабаб бўлиб, келгусида бундай сусткашликка йўл қўймаслик ҳақида келишиб олинди.
2020 йил давомида партиянинг йиллик аъзолик режасини бажаришда ҳам оқсоқликка йўл қўйилиб, туман партия Кенгаши томонидан аъзолар сонини ошириш чоралари етарли даражада кўрилмаганлиги танқидга сабаб бўлди.
Кенгаш раиси Н.Каримов партия депутатлари ва фаоллари аҳоли билан мулоқотни янада жадаллаштириши кераклиги, жойларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларидаги ислоҳотларга тўсиқ бўлиб келаётган муаммоларни ўрганиб, уларга ечим топиш эътибор марказида бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Шу билан биргаликда фаолияти қониқарли деб топилган Фарғона туман Кенгаши депутатлари Озодахон Дадажонова, Назиржон Исақов, Отабек Холиқов, Файзулло Мирзаев, Ахрорбек Эркабоевларнинг фаолияти алоҳида қайд этилди, лекин бу билан ердан узилиб қолмай янада кўпроқ ҳаракат қилиш учун мотив бўлишини ҳам айтди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала бўйича “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Озодахон Дадажонова сўзга чиқиб, синовли пандемия даврида ўзи ва оиласининг соғлигини хавф остида қолдириб бўлсада сайловчилар билан бирга бўлиш, уларни қўллаб-қувватлашда жонбозлик кўрсатган депутатларга миннатдорчилик билдириб, туман Кенгаши депутатларининг 2020 йил якуни ҳамда 2021 йил 1-чоракда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот бериб, келгусида масъул шахсларни эшитишлар сонини кўпайтириб, туман Кенгаши сессияларига масала киритишга асос бўлишлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Пленум йиғилишининг сўнгги ташкилий масаласида туман Кенгаши Ижро қўмитасига аъзо қўшиш масаласида “Адолат” СДП депутати, туман Кенгаши раиси Шухратжон Мўминовни туман Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолиги бир овоздан тасдиқланди.
Пленум йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. Пленумда туманнинг фахрий депутатига Ўзбекистон "Адолат" СДП Фарғона вилоят Кенгаши томонидан ташаккурнома топширилди.
Н.КАРИМОВ,
Ўзбекистон "Адолат"СДП
Фарғона туман Кенгаши раиси.
О. ДАДАЖОНОВА,
Фарғона туман Кенгаши Адолат
СДП депутатлик гуруҳи раҳбари.
Фикрингизни қолдиринг