Янгиликлар 1882
Пленум: кечаги кун таҳлили, келгуси режалар истиқболи
“Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан партия ҳамда депутатлик гуруҳларининг жорий йилнинг 9 ойлик фаолият якунларига бағишланган навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Б.Абдуҳалимов, партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, депутатлик корпус вакиллари, партиянинг фаол аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Б.Абдуҳалимов бошқарган йиғилишда вилоят Кенгаши фаолиятининг 2020 йил III чорак якунлари ва партиянинг келгуси дастурий вазифалари муҳокама қилинди.
Дастлаб, Пленумда “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Б. Мамиров ахбороти тингланиб, ўтган давр мобайнида партия аъзоларининг сони ўсгани, қуйи бўғинлар фаолияти, аъзолик бадалларини назорат қилиш масалалари таҳлил этилди. Шунингдек, депутатлар фаолияти номма-ном қайд этилиб, уларни қийнаётган муаммолар ўртага ташланди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мафкуравий ва дастурий вазифаларни амалга оширишга қаратилган 10 га яқин партия лойиҳалари ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилди.
Жумладан, халқ билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш мақсадида партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида барча даражадаги депутатлик корпуслари ва партия фаоллари ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари мунтазам равишда маҳаллаларда халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўрнатилди.
Ўтган тўққиз ой давомида ишчи гуруҳлар томонидан вилоятимиз бўйича жами 130 та маҳаллаларда учрашувлар ўтказилиб, 1204 та хонадонларда суҳбатлар ташкил этилди. Шунингдек, 567 та ижтимоий объектларда ўрганишлар ўтказилди. Мулоқотлар давомида фуқаролардан 274 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида депутатлик сўровлари чиқарилди. Шундан 59 та депутатлик сўровларининг ижроси бажарилди. Бу жараёнда 2000 нафарга яқин фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маслаҳатлар ҳамда ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Шунингдек, давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари ҳар бир туман, шаҳарлардаги маҳаллаларда аҳолини кенг жалб қилган ҳолда сиёсий-ҳуқуқий ўқувлар ташкил этилди. Унда маҳаллаларда партия фаоллари орасидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар томонидан Тошкент вилоят бўйича жами 22 та туман, шаҳарлардаги 200 дан ортиқ маҳаллаларда сиёсий ўқувлар, ташкил этилди. Уларда 1500 нафардан иштирокчилар қатнашди. Ушбу сиёсий-ҳуқуқий ўқувларнинг 30 дан ортиғи ОАВда ёритилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши ва туман-шаҳар Кенгашлари томонидан жами 115 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 2000 нафардан зиёд иштирокчи қамраб олинди.
Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизликни камайтириш мақсадида 92 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Шундан
38 нафарини ёшлар, 54 нафарини аёллар ташкил этади.
2020 йилнинг 9 ойи давомида партиянинг иш режаси ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида ишлаб чиқилган медиа-режа асосида кўзда тутилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга кўпроқ эътибор қаратилди.
Энг муҳими бугунги кун депутатлари мунтазам равишда аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш депутатларимиз фаолиятининг асосий мезонига айланди.
Хусусан пандемия шароитида жамият ҳаётида амалга оширилаётган муҳим ишларда депутатлардан янада фаоллик талаб этилади. Иқтисодий инқироз вақтида одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни ҳал қилиш чораларини кўриш, бир сўз билан айтганда, ўз ишига, вазифасига кўпроқ масъулият билан ёндашиш депутатнинг бош вазифасига айлнади.
Партиямиз фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан тизимли равишда “Вирусга тўсиқ, меҳрга очиқмиз” хайрия акциялари доирасида жойларда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга саховат ва мурувват ёрдамлари беғараз кўрсатиб келинмоқда. Хусусан биргина партиянинг Чирчиқ шаҳар Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан эҳтиёжманд, кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 110 млн. дан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, вирус билан касалланганларни тўлиқ давлат таъминоти асосида даволаш, кам даромадли оилаларни янада қийин аҳволга тушиб қолишдан асраш бўйича “Темир дафтар” асосида манзилли ёрдамлар кўрсатилмоқда.
“Сардоба сари саховат карвони” лойихаси доирасида партия фаоллари оғир кунларни бошидан кечираётган сардобалик ҳамюртларимизга саҳоват қўлларини чўзиш мақсадида “хайрия штаби” ташкил этилди. Йиғилган хайрия маблағлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, уй-рўзиғор буюмлари партиянинг вилоят Кенгаши томонидан махсус саховат транспорти орқали сардобалик юртдошларимизга етказилди.
“Саховат - беназир қадрият” лойиҳаси доирасида вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия маҳаллий Кенгашлари раислари томонидан ўз ҳудудларидаги кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, жами 83 та оилалар ҳомийликка олинди. Уларнинг ҳолидан хабар олиш ва кундалик эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат ва гигиена воситалари етказиб берилиши тизимли йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, карантин даврида раислар ва депутатлар томонидан жойларда жами 428 маротаба хонадонлар ҳолидан хабар олиниб, фуқаролар билан суҳбатлар олиб борилди. Шунингдек, партия маҳаллий Кенгашлари раислари ва депутатлар томонидан уларга ун, ёғ, картошка, пиёз, ун, гуруч ва бошқа бирламчи озиқ-овқатлар тарқатилди. Бу борада энг фаол - Чирчиқ, Нурафшон, Бекобод, Олмалиқ шаҳарлари ва Бекобод, Чиноз, Бўстонлиқ, Қибрай, Оққўрғон туман Кенгашлари фаолиятини алоҳида эътироф этиш лозимдир.
Ҳисобот даврида алоҳида нуфузга эга бўлган Ангрен, Олмалиқ, Янгийўл шаҳаралари шунингдек, Оҳангарон ва бошқа туманлар Кенгашлари томонидан сессияларга масала киритиш сусаймоқда.
Пленум кун тартибида ташкилий масала кўриб чиқилди. “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши Умид Шоумаров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан, ўз аризасига биноан вилоят Кенгаши раиси лавозимидан озод этилди.
“Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимга вилоят Кенгаши раис ўринбосари Бобур Мамиров сайланди.
Пленум якунида барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда партиянинг келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган режалари ижроси юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг