Янгиликлар 3051
Пойтахтда яшашни истайсизми? Муаммо йўқ!
Президентимиз шу йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бугунги кунда амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни кўрсатиб ўтганди. Жумладан, прописка масаласига алоҳида тўхталиб, уни адолатли ҳал этиш зарурлигини қайд этган эди. Айтиш мумкинки, 22 апрелда имзоланган “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон бу борада амалий қадам бўлди. Мазкур қонун хужжати билан қатор муаммолар ўз ечимини топади.
Очиғи, кўпчилик учун “прописка” деган сўз қайсидир маънода чекловга ўхшар, маълум бир жойда яшашга мажбурдек туюларди. Шу сабаб “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштирилмоқда. Бу жуда ўринли. Негаки эътибор билан қарасак, бир қатор ривожланган давлатларда аҳоли ички миграциясида пойтахт ва унинг атрофидаги ҳудудларга нисбатан алоҳида талаб ва қоидалар белгиланмаган.
Ҳеч кимга сир эмас, йиллар давомида пойтахтда яшаш орзусидагилар прописка билан боғлиқ муаммолардан қийналган. Айниқса, турли соҳаларда изланувчан иқтидорли ёшларнинг келажаги шу жойга келганда бўғиларди. Мажбур вилоятларга қайтиш ишга бўлган муносабатни ўзгартирган.
Янги тартиб билан бу муаммо ҳал этилмоқда. Давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра прописка қилиниши айни муддао. Шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилиши ҳам эътиборли. Бундан вилоятларда яшовчи, ўз ҳаётини пойтахт билан боғлаш истагидагилар хурсанд.
Қонунда пойтахт пропискасидан ташқари умумий аҳамиятга эга масалалар ҳам ифодасини топган. Жумладан, янги туғилган чақалоқларни ФҲДЁ органининг ўзида туғилиш ҳақидаги гувоҳнома бериш жараёнида отаси ёки онасининг яшаш манзили бўйича доимий пропискага эга бўлиши кўзда тутилмоқда. Доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилиши ҳам ўринсиз муаммоларнинг олдини олади.
Юқоридаги ўзгаришларга қарамай, аслида прописка керакми, деган савол туғилади. Ўзбекистон мустақил мамлакат. Унинг ичида яшаш эркин бўлгани маьқул. Инсон қаерда яшашини ўзи танласин. Бу Ватаннинг ҳар бир нуқтаси биз учун тенг равишда қадрли.
Бир сўз билан айтганда, эндиликда қайси ҳудудда яшашидан қатъий назар, ҳар бир фуқаро прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу Конституцияда белгиланган ҳуқуқларимизни кафолатлайди.
Насибахон ТЎЙЧИЕВА,
Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг