Янгиликлар 1757
Президент Мурожаатномаси қизғин муҳокама қилинмоқда
Айни вақтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиникасида бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати, “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби” аъзоси, поликлиника бош шифокори Фируза Асадова Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти, айниқса, унда белгилаб берилган тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш масалалари, бу борадаги устувор вазифалар борасида атрофлича маълумот берди.
Йиғилишда аҳоли саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш учун, энг аввало, бирламчи тизимда самарали, тизимли иш ташкил қилиниши кераклиги қайд этилди. Таъкидланганидек, касалликни даволаш эмас, балки унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ушбу вазифа эса, бир қанча йўналишларни ўз ичига олади. Яъни, тўғри овқатланиш, атроф-муҳитнинг салбий таъсирини камайтириш, аҳолида жисмоний фаолликни яхшилаш, энг муҳими, ҳар бир фуқарода ўз саломатлиги ва оила аъзоларининг соғлиғига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш ҳамда тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, йиғилишда аҳоли ўртасида ҳар йили ўтказиладиган режали тиббий кўрикларнинг аҳамиятига эътибор қаратилди. Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда бундай тиббий кўриклардан аҳоли тўлиқ қаноатлана олмаяпти. Чунки, хавф гуруҳидаги аҳоли вакиллари ва соғлом аҳоли бир хил тарздаги тиббий кўрик билан қамраб олинади. Тиббий кўриклар самарадорлигини яхшилаш учун аҳоли саломатлик кўрсаткичларига асосан тиббий кўриклар ҳажми турлича бўлиши мақсадга мувофиқ.
Иштирокчиларнинг асосий эътибори аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот технологияларининг жорий этиш, хусусан, инновацион телемедицинани изчил йўлга қўйиш кераклигига қаратилди. Бу эса, аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайишига, олис ҳудудларда яшовчи фуқароларимизнинг илғор тиббий хизматлардан баҳраманд бўлишига хизмат қилади.
Телемедицина тизимида онлайн маслаҳатлашиш йўлга қўйилиши натижасида етук шифокорлар, профессорлар билан онлайн мулоқотда бўлишга шароит яратилади. Бу ҳам беморнинг, ҳам мутахассис-шифокорларнинг вақтини, шу билан бирга, маблағни тежашга хизмат қилади.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Фотима САТТОРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг