Президент ташрифи: “Фарғонада кутилмаган ва кутилган ўзгаришлар”

08.02.2021 18:02:37

Фарғона фарзанди ва сиёсий тизим вакили сифатида куни кеча Президентимизнинг вилоятимизга қилган ташрифи ҳусусида ўз муносабатимни билдирмасам бўлмайди.

Водий халқини биласиз, самимий соддаликни, халқчилликни қадрлайди. Ташриф бўлиб ўтганига бир неча кун ўтган бўлса ҳам, ҳалигача фарғоналиклар ҳаяжонда. Ҳунармандлар даврасидаги дилга яқин суҳбат, олтиариқликлар меҳнатига берилган чинакам баҳо, журналистларни оталарча қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга катта эътибор – буларнинг барчаси - кўз олдимизда жуда оддий рўй берди. Оддий рўй берган бўлсада, шу кундан бошлаб Фарғонада янгича ҳаёт, янгича нафас, ўзгача муҳит бошланди. Эрта тонгдан ишга йўл оларканман,  бир-бирларига салом бериб ўтаётган ватандошларим нигоҳида умидни, ишончни, шукронани кўрдим. Ўтган йил оғриқлари, пандемия талафотларидан елкаси бироз эзилиб, шиддати сўна бошлаган одамларда кўтаринки кайфият,  кўзларида чўғ, билагида қувват, юришларида ғайрат кўриниб қолди.

Айниқса, шаҳардаги “Шодиёна” маҳалласига ташланган қадамлар бугун ҳамманинг хонадонида муҳокамада. Президент гўёки биргина маҳаллага эмас, ҳар бир фарғоналикнинг уйига кириб боргандай бўлди. Халқ билан очиқчасига, ёнма-ён туриб қилинган илиқ мулоқот ёшу-кексанинг қалбигача кириб борди. Бу жараён давлат ва жамият бошқарувида мансабдорларга, Президентимиз иборалари билан айтганда “оёғи ердан узилган” раҳбарларга жуда катта мактаб бўлди. Одамлар билан тиллашишни, диллашишни ўргатиб кетди. Вилоятдаги камчиликларни, фуқаролардаги муаммоларни йиллаб кўриб чиқишни эмас, масалани қандай ечишни, тўғри йўл қаерда эканини, халқнинг дардини олишни, элни қандай рози қилишни ҳаммага аниқ равшан қилиб кўрсатиб берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан вилоят тақдири, бугунги ва эртанги куни, фарғоналикларнинг бахтли ҳаёти йўлида қилинган барча ҳаракатлар, таҳлиллар, қарорлар ва хулосалар чуқур мулоҳаза асосида, жиддий ва энг муҳими, халқ кутганидай бўлди. Туманлардаги вазиятни ҳолисона мушоҳада этилгани, қуваликлар, Ўзбекистону, ёзёвонликлар турмушини яхшилаш сари қилинган тўғри қарорлар бу -  Президентнинг халқ олдидаги юксак масъулиятини ҳис этаётганидан далолатдир

Ҳеч кутмагандик, энг қувонарлиси, сессия йиғилишида ёшларнинг кўз ўнгида тайёргарликсиз сўзга чиққан “Фарғонаазот” акциядорлик жамияти ёшлар етакчиси Бобурбек Мўминовни Президентимиз Фарғона шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига  муносиб кўрди. “Сенга, ёшларга ишонаман” – дея билдирилган ишонч сўзлари  - ёшларимизнинг ҳар бирини бошини оталарча силаб, пешонасидан меҳр билан ўпгандай бўлди. Бобурга кимлар ҳавас қилмаяпти дейсиз? Шахсан мен ҳам исмим Президент овози билан янграганда билмадим, қанот боғлармидим, билмадим. Билганим, айнан мана шу инсон  – ёшларнинг, оналарнинг, оилаларнинг, Фарғонанинг, Ўзбекистоннинг кулган пешонасидир.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович!

Сиз ташриф чоғида журналистларга катта далда бердингиз, “Изланишга эрингманглар, адолатни халққа етказишга қўрқманглар, ортингизда Президент бор” - деб қаттият билан таъкидладингиз! Мен ҳам шуни Сизга ишонч билан айтмоқчиманки, кучли ислоҳотлардан сира чарчаманг, Сизнинг ортингизда ўзингиз ишонч берган фарғоналиклар, бутун Ўзбекистон ёшлари, буюк халқингиз турибди. Биз  - халқингиз томон ташлаётган шиддатли қадамларингиз бардавом бўлсин. Қаерда бўлманг, шу Ватан ривожи йўлида Сиз билан биргамиз!

 

Комила ИСРАИЛОВА,

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 раиси ўринбосари

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+