Янгиликлар 1663
Президент ва халқ якдиллиги
Президент Чирчиқ шаҳрига ташрифи чоғида Ифтихор, Шодлик, Лола маҳаллаларида бўлиб, кўп қаватли уйларда яшаётган одамлар, меҳнат фахрийлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари хонадонларига кириб, улар билан самимий суҳбатлашди.
Давлат раҳбари чирчиқликларни Наврўз байрами билан табриклаб, шаҳарни мутлақо бошқача бир қиёфага келтиришни, қурилишлар, ички йўллар, электр энергия ва газ, керак бўлса, Тошкентга қулай бориб келишлари учун “электричка”ни йўлга қўйиш, у ҳам маъқул бўлмаса Тошкентдан Чирчиққа қараб ерусти метросини ҳам қуришни ташкиллаштириш ҳақидаги фикрларини баён этди.
- Чирчиқ бир пайтлар донғи кетган шаҳар эди. Охирги вақтларда анча “чарчаб” қолганди. Тегирмон навбати билан дегандек, энди бу ерда ҳам ҳамма шароитларни яратамиз. Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш, йўлни, иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича катта ишларни бошлаяпмиз, - деди давлат раҳбари.
Шу ўринда, эътироф этиш лозимки, Чирчиқ - Тошкент вилоятининг энг йирик шаҳарларидан бири. Ҳудуд ривожлангани сари аҳоли сони ҳам ортиб бормоқда. Шаҳарнинг Шодлик маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уй аҳолининг ўсиб бораётган талабини таъминлашга қаратилган. Уларда жами 288 хонадон бўлади. Тўрталаси ҳам шу йил фойдаланишга топширилади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев шаҳардаги қурилиш ишлари билан танишди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
- Чирчиқни инновацион, инвестицион шаҳар қилиш мумкин. Шунинг учун ҳамма биноларни инвентаризациядан ўтказиш керак. Бу ерда ҳамма инфратузилма бор. Автомобиль ва темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш керак. Қулайлик яратилса, аҳоли ҳам, ишбилармонлар ҳам келади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Чирчиқ шаҳар иссиқлик таъминот корхонасини ҳам бориб кўрди.
Чирчиқ шаҳрида жами 14 та қозонхона бор. Шулардан бири 1957 йилда қурилган. Бу қозонхона очиқ тизимда ишлайди. Яъни, шаҳар ичимлик суви тармоғидан сув олиб, уни иситиб, хонадонларга тарқатади. Бу ортиқча сув ва газ ёқилғиси сарфини юзага келтираётган эди.
Шу боис, бу ерда Туркия технологияси асосида янги қозонхона барпо этилмоқда. Лойиҳанинг қиймати 16 миллион доллардан зиёд бўлиб, Жаҳон банки кредити асосида молиялаштирилади.
Янги қозонхонанинг қуввати 75 мегаватт бўлиб, қурилиш ишлари уч босқичда амалга оширилади. Модернизация натижасида шаҳарда 24 километр иссиқлик қувури тортилиб, 175 та кўп қаватли уй, 19 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик тизими билан сифатли таъминланади. 12 миллион метр куб табиий газ, 3,4 миллион киловатт электр энергияси, 300 минг куб сув тежалади. Атмосферага чиқаётган 4,7 минг тонна газ ушлаб қолинади.
Шу ернинг ўзида вилоятда электр энергияси, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти ҳамда шаҳарларда коммунал хизматларни яхшилаш бўйича режалар тақдимот ўтказилди.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қабул қилинаётган дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатни янада ривожлантиришга, халқни рози қилишга, хизмат қилмоқда. Албатта, бу борада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд муаммо ва камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар ҳам кўп. Улар ҳам бугунги янгиланишлар силсиласида навбати ва вақти-соати билан ҳал этилиб келинмоқда ва ҳал этилади ҳам.
Бобур МАМИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти
Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг