Янгиликлар 3666
Прописка: Тартиблар ўзгарадими?
“Адолат” газетаси саҳифаларида партиямизнинг янги дастурлари лойиҳалари юзасидан билдирилаётган бир қатор таклифлар билан танишган киши уларда аҳолини ўйлантириб келаётган ҳаётий муаммолар ўз аксини топганлигини англайди. Муҳими, сафдошларимиз бу муаммоларнинг аниқ ечимлари ҳақида ҳам сўз юритишмоқда.
Шулардан бири фуқароларни Тошкент шаҳрида доимий прописка қилиш масаласидир. Газетанинг шу йил 23 август кунги 34-сонида эълон қилинган Кармана тумаи адлия бўлими бошлиғи П.Худойбердиевнинг “Прописка: Тартиблар ўзгариши керак” сарлавҳали мақоласида ҳам ушбу долзарб мавзу атрофлича ёритилган. Мақолани ўқиб, фуқароларни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида прописка қилинишига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги айрим чалкашликлар, ноқулайлик пайдо қилаётган жиҳатлар кўриб чиқилиши, бу борадаги тартиблар ўзгариши зарурлигини тушунасиз.
Муаллиф таъкидлаганидек, юртимизнинг истаган ҳудудидан келган фуқаронинг пойтахтимизда янги қурилган уйлардан сотиб олиши унинг тез фурсатда доимий прописка қилинишига асос бўлади. Шу тартиб асосида, кўплаб юртдошларимиз Тошкент шаҳрида доимий пропискага ва ўз уйига эга бўлишди, бу жараён давом этмоқда. Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида пропискага эга бўлишда бундай имконият яратилганлиги диққатга сазовор, албатта.
Аммо пойтахтимизда доимий пропискага эга бўлмаган, бирор ташкилот, муассаса, ёки корхонада меҳнат фаолиятини юритаётган фуқароларнинг аксарияти иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олишга интилади. Мутасадди ташкилотнинг илтимосномаси асосида прописка қилинган фуқаролар учун турар жой олиш, пропискаси кейинчалик ўз кучида қолиши борасида жиддий муаммолар мавжуд.
Чунки тегишли қонун ҳужжатларида “мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга” деб белгиланганлиги қачондир лавозимидан озод этилгач, “фуқарони белгиланган тартибда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан илгариги яшаш жойига ёки фуқаронинг аризасига кўра бошқа минтақага пропискадан чиқаради” деган талаб ижро этилишига сабаб бўлиши афсусланарлидир. Бу ўринда “лавозим” тушунчасидан кўра “тизим” тушунчасини қўллаш, шунга доир меъёрни “тегишли тизимда камида уч йилдан буён ишлаб келган бўлса”, деган мазмундаги жумлада ифодалаш ҳақидаги фикрларга қўшиламан.
Шу ўринда ташкилотларнинг илтимосномаси асосида пойтахт ҳудудида прописка қилинуви ишчи-ходимлар учун бошқа яна айрим ноқулайликлар борлигини ҳам қайд этиш мумкин. Янги қурилган уйлардан турар жой сотиб олувчи фуқаролар фойдаланаётган тартиблар содда бўлгани каби ташкилотлар илтимосномаси билан прописка қилинувчи фуқароларга ҳам прописка ва иккиламчи бозордан турар жой сотиб олишга доир тартиблар соддалаштирилса, бу уларнинг ҳуқуқ ва манфаати ҳимоя қилинишини ифодалайди, албатта.
Бизнингча, бирор мутасадди ташкилотнинг илтимосномасига кўра фуқаро тез кунда доимий прописка қилиниб, унга шу кундан бошлаб, қайси бозор шакли бўлишидан қатъи назар, турар жой олиш ҳуқуқи берилса, унинг мазкур ташкилот тизимида камида уч йиллик меҳнат стажига эга бўлиши фуқаронинг пропискаси ҳеч қачон бекор қилинмаслиги учун етарли асос саналади, деб белгиланса, мақсадга мувофиқдир Шуларни назарда тутиб, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига ўзгартишлар киритилса, деймиз.
Дарҳақиқат, дастурий вазифаларимиз қаторида прописка масаласи ҳам ўрин олиши, бу борадаги ҳуқуқий меъёрларни такомиллаштиришда Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббус кўрсатиши, айни муддаодир. Мазкур таклифларни кўпчилик қўллаб-қуввтлайди, деб ўйлаймиз.
Қизларшой РАҲМАТОВА,
Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати

Фикрингизни қолдиринг