Янгиликлар 3393
Қабул жараёнларидаги муаммолар муҳокама қилинди
Жорий йил 19 июнь куни “Адолат” СДП, Олий таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази ҳамкорлигида “Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда 2020-2021 ўқув йилига қабул жараёнларидаги ўзгаришлар” мавзусидаги онлайн семинар ташкил этилди.
Онлайн семинарда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, партиянинг олий таълим йўналишидаги экспертлар гуруҳи вакиллари, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Олий таълим вазирлиги мутахассислари иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган мақсад бугунги кунда олий таълим тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлили ҳамда жорий 2020-2021 йилги ўқув йили учун бўладиган қабул жараёни ва унда амалга оширилиши керак бўлган ишларни таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Маълумки, бугунги пандемия шароитида олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш онлайн шаклда амалга оширилмоқда. Имтиҳонлар эса карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилиши лозимлиги белгиланди. Шу билан бирга бир вақтнинг ўзида ҳужжат топшириш мумкин бўлган олий таълим муассасалари сони учтадан бештага етказилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП 2019 йилдаги сайловлар жараёнида халқимизнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида олий таълим тизимида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор ташаббусларни илгари сурган эди. Орадан қисқа вақт ўтган бўлишига қарамасдан бу каби ташаббусларнинг кўпчилиги ҳукумат ва давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қонун ва қарорлар орқали амалиётга жорий қилинмоқда.
Жумладан, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш ташаббусини илгари сурилган эди. Қабул квоталари ўтган йилгига нисбатан 20 мингга оширилиб қарийб, 140 мингтага етказилди. Шу билан бирга кириш имтиҳонларини бекор қилиш масаласи ҳам дастурдан ўрин олган эди. Жорий йилда имтиҳонлар сонини бештадан иккитага туширилгани бу борадаги катта қадамлардан бири бўлди. шунингдек дастурда таълим муассасаларини замонавий ўқув-илмий лабораториялар ва АКТ воситалари билан таъминлаш, халқаро таълим стандартларига асосланган ўқув-услубий материаллар ва ўқув дастурларини ўқув жараёнига кенг жорий қилиш орқали ўқув сифатини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган эди.
Маълумки ҳозирги пандемия шароити туфайли барча олий таълим муассасалари қисқа фурсатларда замонавий ахборот технологиялари билан таъминланиб онлайн таълим олиш тизими жорий этилди. Бу эса мамлакатимизда замонавий онлайн таълим тизимини амалга оширишда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янги босқичга олиб чиқди. Шунингдек, ўтган қисқа вақт давомида дунёнинг етакчи университетлари филиалларини юртимизда очиш борасида ҳуқуқий база яратилди. Бунинг натижасида эса бўлажак кадрларда танлов имкониятлари кенгайди.
Биз ўз олдимизга саноати юқори ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган адолатли демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, иқтидорли кадрларга ўз салоҳиятларини тўлақонли намойиш эта олишлари учун олий таълим муассасасида ўқиш имкониятларини кенгайтириб ёшлар учун кенг рақобат муҳитини яратиб беришимиз зарур.
Йиғилишда бугунги пандемия даврида бу каби онлайн семинарлар сонини кўпайтириб Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотнинг туб моҳиятини ёшларга етказиш орқали яна ҳам кўпроқ самара ва натижага эришишимиз мумкинлиги таъкидланди.
Семинар якунида мавзу юзасидан экспертларнинг якуний хулосалари тингланиб, шу йўналишдаги онлайн семинарларни қисқа вақт ичида барча ҳудудий кенгашлар томонидан ҳам ташкил этиш белгилаб олинди.
“Адолат” СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг