Қачон ваҳший бўлиб улгурдинг, ўзбек?

21.08.2021 18:08:45

Инсон зоти Аллоҳ таоло томонидан яратилган маxлуқотларнинг ичида энг азиз ва мукаррами ҳисобланади. Маълумки, дунёнинг барча давлатларда  динидан, миллатидан ва ижтимоий  келиб чиқишидан қатъий назар, инсонлар ҳаёт кечиришади.

Жамият — оиладан бошланади. Оиланинг асосини эса, ота-она ташкил қилади. Ота-онани улуғлаш ва уларни қадрлаш, муқаддас ислом динимизнинг кўрсатмаларидан ҳисобланади. Шундай экан, фарзанд ота-онанинг қадрига етиши  учун, ота-она xам ўз фарзандларини ҳар томонлама етук қилиб  тарбиялаши лозим. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу ҳадиси муборакларида: "Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир",  деб марҳамат қилганлар.

Куни кеча Қарши шаҳридаги машҳур спортчимиз Элбек Раҳимовни кундуз куни ўз она юртида, ўз ҳамюртлари томонидан ваҳшийларча уриб ўлдирилиши ақлга сиғмайдиган воқеа бўлди. Унинг бир эмас, етти киши томонидан калтакланиши ўта ноҳақлик ва зулмку ахир. Қанчадан қанча рақибларини ер тишлатган паҳлавон йигит ўз юртингда шунчалар хор бўлдингми. Шуни айтишар эканда “Ўзингники ўзагингни кесади” деб. Наҳотки шу йигитларни ота-оналари фарзандлари нима ишлар билан шуғулланаётганлигидан бехабар бўлишса, наҳотки маҳалла нозири давлат қуриб берган уйининг эшигини тагида шу даражадаги ваҳшиёна қотиллик юз берсаю у эшитмаса, кўрмаса. Маҳалланику гапирмай қўяқоламиз.

Зеро, жиноят учун жазо муқаррарлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин бир эмас, бир тўда ёшларимиз (уларни орасида ҳали ўрта мактабни тамомламаган, мустақил ҳаёт остонасига етиб ҳам келмаган болалар)ни тақдири нима бўлади. Келажакда судланган деган тамға билан қаерга борса боши деворга урилавериб ўзларига муносиб иш тополмай яна кўча безори бўлиб қолаверишадими?! Бармоғимизни унисини тишласак ҳам, бунисини тишласак ҳам оғрийди. Тарбия, илм, меҳнат – фаровон ҳаёт таянчи эканлигини унутмайлик, ёнимиздаги одамларга бефарқ бўлмайлик азизлар!

Шаҳноза ОЧИЛОВА,

"Адолат" СДП бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+