Янгиликлар 1246
Қадди ва қадри баланд шифокорлар
Саломатлик инсон ҳаёти учун энг муҳим масала ҳисобланади. Бу борада эса тиним билмасдан тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган, умр йўлларини шу шарафли ишга бағишлаб яшаётган тиббиёт соҳаси ходимларига таъзим изҳор этсанг ҳам камдек туюлади.
Шу боис ҳам Давлатимиз томонидан соҳага ва соҳа вакиллари фаолияти алоҳида эътироф этилиб, уларга эҳтиром кўрсатиш устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Бу галги хизмат сафаримизда қаҳрамонларимиз - Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт бирлашмаси Хоразм филиалида ярим асрдан зиёд меҳнат қилиб, ҳаёт йўлларини инсонлар саломатлигига бахшида этиб келаётган бир гуруҳ тажрибали фахрий онкологлар билан суҳбатимиз тўғрисида баён этмоқчимиз.
Ҳозирда 75 баҳорни қаршилаб, умрининг 51 йилини беморини соғлом ҳаётга қайтариши учун бор машаққатни зиммасига олиб хизмат кўрсатиб келаётган онколог шифокорлардан Ирина Чиркова, Светлана Палванова, соҳада 46 йилдан буён заҳматли аммо шарафли меҳнат фаолиятини давом этиб келаётган Роза Зарипова ҳамда 27 йил меҳнат фаолияти давомида халқ саломатлиги йўлида фидойилиги билан халқ эътиборига тушган Ойжон Нурметовалар фаолияти Хоразм телерадиокомпанияси ҳамда “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши томонидан эътироф этилди.
Эллик бир йил олдин фаолиятимни бошлаганимда вилоят онкология марказимизда атиги 12 нафар шифокор фаолият олиб борар эди, – дейди онкогинеколог, радиолог Ирина Чиркова. – Филиалимизда кадрлар ҳамда тиббиёт ускуналари етишмовчилиги ёки мавжуд эмаслиги сабаб жуда катта қийинчиликларга дуч келинди. Беморларни республикага ёки чет давлатларга юборишга мажбур эдик. Шундай оғир шароитларда ишлаганимиз-ки, улар ҳозирги яратилаётган шарт-шароитлар билан тубдан фарқ қилади. Ўттиз йил олдин моддий техник базамиз яхшилана бошлади. Эндиликда шифохонамизда 100дан зиёд шифокор фаолият олиб бораётганини соҳага қаратилган эътиборнинг ёрқин намунаси деса бўлади.
Мустақиллик йилларида онкология соҳасига эътибор сезила бошлади,-дейди Тиббиёт фанлар номзоди, Ўзбекистон шифокорлар ассоциацияси Хоразм вилоят бўлими раиси, Соғлиқни сақлаш аълочиси, ўнлаб шогирдларнинг устози, тажрибали онколог Светлана Палванова. – Кейинги йилларга келиб соҳа тизимида катта ўзгаришлар шаклланди. Йигирма йил вилоят онкология маркази бош шифокори бўлиб фаолият олиб бордим ва 2010 йилдан раҳбарлик вазифасини шогирдим Тохиржон Палвановга топширдим. Кучли тиббий истеъдод эгаси, ёш кадрга билдирилган ишонч ўз самарасини берди. Унинг тинимсиз меҳнатлари, кучли раҳбарлик қобилияти, катта тажрибаси марказимизни ҳар томонлама ривожланишида намоён бўлди. Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиб, ҳозирги кунда касалликка чалинган беморлар учун қулайликлар яратилиши натижасида машаққатлар билан даво истаб узоқ масофага бормайдиган бўлдилар.
Аҳил ва дўстона шаклланган жамоада фаолият олиб бораётганимизнинг, қадримиз улуғланаётганининг ўзи бир олам қувонч дейди,– “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, оноколог Роза Зарипова. – Жаннатмакон Ўзбекистонимизни шаклланишида жамоамиз билан ҳамжиҳатликда олиб бораётган ислоҳотларни беморларимизнинг соғайиб, соғлом ҳаётга қайтганидаги қувончли юзларида акс этганини кўришни ўзи бахт. Бундан шукуроналик келтирасан, яна куч ва шижоатга тўласан киши.
Яна бир суҳбатдошимиз, жамоанинг фахрий жонкуяр аъзоси, муассасанинг лаборатория бўлими мудири Ойжон Нурметованинг сўзларида ҳам бир олам шукроналик туйғулари акс этди. Давлатимиз, қолаверса, филиалимиз раҳбари томонидан меҳнатимиз қадрланмоқда,-дейди суҳбатдошимиз. Ҳар бир бўлимда имкониятлар ва шароитлар эшиклари очилмоқда, янги ислоҳотларга янги қадамлар қўйилмоқда. Соғайиб мушкулларидан ҳолос бўлган беморларнинг миннатдор ва шукуроналик туйғуларини эшитишимиз биланоқ, заҳматли меҳнатларимиз ва чарчоқларни унутамиз. Жамоамизда “Уста-шогирд” анъаналарининг давом этаётгани ҳам ишимизни салмоқли бўлишида аҳамияти бўлмоқда.
Хизмат сафаримизни якунлаб қайтар эканмиз, соғлиги юзасидан тушкунлик ва минг хаёл-ўйлар билан шифокор ҳузурига интилаётган инсонлар ёки тўрт девор ичида кўзлари милтираб, дардига шифо сўраб илтижо қилаётган бемор учун энг қадрдон инсон бу шифокор эканига минг карра амин бўлдик.
Шу боис ҳам қадрингиз ва қаддингиз доим баландлардадир азиз шифокорлар.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби,
Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг