Қаддини кўтарган, қадрини билган юртим

15.11.2021 18:11:30

Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади. Мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради.

Шу ўринда Ўзбекистон халқи учун Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсади – мазкур жараённи умуммиллий ҳаракатга айлантирди, ўзлигини ўзгартиришга, демократик ислоҳотларни ўзидан бошлашга руҳлантирди. Зеро, мақсаднинг аниқлиги – ҳаракатлар самарасини таъминлайдиган энг муҳим мезондир.

Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истакдан пайдо бўлиб қоладиган оддий ҳодиса эмас. Балки бунинг тарихий илдизлари, асослари бор. Келажак учун белгиланган аниқ режалари мавжуд. Бу – мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив зарурати Ўзбекистон Республикасининг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида ўз исботини топди.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистоннинг пойдевори “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил асосида қурилади. Тараққиётнинг асл стратегияси ҳам юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини энг олий қадриятда деб белгиланишидадир.

Зеро, “инсон – жамият – давлат” тамойили миллий ривожланишимизнинг бош мезони деб белгиланиши ҳам ҳар қандай ислоҳотлар, ҳар қандай ташаббусслар, ҳар қандай таклиф-мулоҳазалар замирида инсон, унинг манфаатлари, қадри, ғурури, розилиги турганлиги ҳам айни ҳақиқатдир. Шу мақсадда ҳар бир хонадон ва маҳаллада, бутун юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, жаҳон ҳамжамияти билан дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган стретегик йўлимизни янада изчил давом эттириш ҳар бир биримиздан интизом, масъулият, қатъиятлик, куч ва иродани талаб этади. Ўзбекистон халқининг ўз тараққиёти учун кейинги беш йилликка қилган адолатли танлови инсонни қадрлашдаги янги имкониятларни кун тартибига қўйди.

Жумладан, миллати, тили ва динидан қатъий назар, юртимиздаги барча аҳолининг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси илгари сурилмоқда. Жойларда халққа яқин тизим – бу маҳалла. Шу асосда маҳалланинг ваколатлари ва мажбуриятлари қайта кўриб чиқилиб, эндиликда маҳалла ўзининг асл вазифаси, яъни маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оиладаги соғлом муҳитни шакллантиришга масъуллиги белгиланмоқда.

Демак, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш услубига эҳтиёж тубдан ўзгартирилади. Муаммога оид мавҳум ёки ёлғон кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка мухтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилиши, мақсадли, манзилли ва тизимли ёрдам кўрсатилиши услубияти ва моддий таъминоти такомиллаштирилади.

Айнан шу мақсадларда ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамичиси лавозимининг жорий қилиниши, Ёшлар ишлари агентлиги вакилининг маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланиши тартибининг белгиланиши марказий идораларни трансформация қилиш орқали яратилаётган фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимининг намунасидир.

Инсонпарварликнинг талабларидан бири – бу эътиборлилик, ҳурмат. Шу маънода фуқароларнинг ҳар бир мурожаатини алоҳида инобатга олиш, ўз мурожаати ечимига умидвор бўлиб турган инсон қадрига беписандлик қилмасдан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, лоқайд вазирлик, идоралар мутасаддилари ҳатти-ҳаракати устидан парламент назоратини ўрнатиш, бунда Жамоатчилик палатаси, Халқ қабулхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кун мавзусидир.

Сўнгги йилларда дунёга ўзининг очиқлиги ва ошкоралик сиёсати билан танилиб бораётган юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда мазкур имкониятлар такомиллаштирилиб, ҳудудлар ривожланишида ижтимоий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этишда уларнинг фаол иштироклари юзасидан аниқ механизмлар ишлаб чиқилади.

Бир сўз билан айтганда, жойлардаги маҳаллий ҳокимиятнинг иши, ўша ерда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳаёти Президент келиб кетиши билан тугамаслиги керак. Мазкур ташрифлардан фақат муаммолар ечимига умид боғламаслик керак. Жадаллашган ислоҳотлар кириб борган ҳар бир жабҳада биз ҳам бормиз.

Гап ана шу янгиликлар ва енгилликлар натижаси ўлароқ халқнинг ташаббуссларини, хоҳиш-истакларини олиб чиқиш, ўзи яшаётган ҳудудни обод қилишда ўзининг шахсий ҳиссасини қўшиш, бир туп дарахт экса ҳам наф келтириш, бир етимнинг бошини силаса ҳам ич-ичидан ҳурланиш, адашганни тўғри йўлга солса ўз-ўзидан ғурурланиш.

Майли халқнинг эмас, ўзимизнинг юкимизни ўзганинг елкасига кийдирмайлик. Қадримизни синдирмасдан, қаддимизни букмасдан, ҳуқуқимизни камситмасдан Янги халқчил ва инсонпарвар давлатимизни биргаликда барпо қилайлик. Чунки уни кўкларга кўтариш ҳам, бунга бошқаларни ишонтириш ва инонтириш ҳам барчамизнинг, ҳар биримизнинг қўлимизда.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+