Янгиликлар 870
Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалаларига бағишланган муҳим анжуман
Бугун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ислом ҳамкорлиги ташкилоти ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA), Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳамкорликда, олимлар ва тадқиқотчиларни ислом маданиятини, тарихини ўрганишда замонавий методлардан кенг фойдаланиш имкониятларини оширишга ҳамда халқаро тоифадаги олимлар ва мутахассислар билан тажриба алмашишга қаратилган “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалалари” мавзуида академик Убайдулла Каримов номидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда ЎзР ФА ижтимоий-гуманитар йўналишидаги барча муассасалар, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Республикамизнинг Наманган, Самарқанд, Бухоро, Андижон вилоятлари Олий ўқув юртларидан келган ёш ва етук олимлар, мустақил тадқиқотчилар ҳамда ЎзР ФА Шарқшуносик институтидаги етакчи олим ва ёш тадқиқодчилар иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори, профессор Ўзбекистон “Адолат”социал- демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баxром Абдуҳалимов кириш сўзи билан очиб берди.
Мазкур конференция илмий-усулбий малака ошириш, дунёда кечаётган илмий жараёнлар билан яқиндан таништириш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида илмий-амалий тавсияларни ишлаб чиқиши билан ўсиб келаётган ёш тадқиқотчилар фаолиятида ўзига хос мактаб вазифасини ўтаётганлиги ғоятда катта аҳамият касб этмоқда.
Анжуман асосан энг сара маърузаларни танлаш ва илмий жамоатчиликка тақдим қилиш орқали Республикадаги олимлар, шарқшунослар потенциалини аниқлаш, илм-фан ва таълим интеграциясини ривожлантириш, илмий салоҳиятни кучайтириш, ташкилотлараро корпоратив ҳамкорлик фаолиятини кенгайтириш, миллий ўзликни англаш ва қадриятларни асраб қолиш, жамият равнақи ва тинчлигига путур етказадиган зарарли ғоялар тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланаган. Мазкур конференцияда қўлёзмаларни сақлаш, реставрация жараёнлари, манба ва матнлар таҳлилига оид масалалар, Ислом маданияти, тарихи, буюк алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, Марказий Осиё тарихи ва тарихшунослиги, мусулмон Шарқи санъати тарихи, Шарқ халқлари адабиётининг оммалашуви ва маънавий-бадиий қирралари каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия каби давлатлардан бир қатор хорижий тадқиқотчиларнинг ҳам маърузалари тингланди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, анжуманда тилга олинган масалалар биргина Ўзбекистонда эмас, балки Шарқу Ғарб, айниқса Марказий Осиё республикаларида қадимий ёзма манбаларни мониторинг қилиш, уларни асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, қолаверса учинчи ренесанс пойдеворини яратиш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади.
Тадбир якунида “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этишнинг долзарб масалалари” “Current Conditions of the Preservatıon and Research of Ancient Written Sources” номли конференция тўплами нашр этилади. Тўпламдан 80 га яқин мақола ўрин эгаллайди. Энг яхши деб топилган маъруза муаллифлари тақдирланди.
“Адолат” СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг