Янгиликлар 1754
Қаҳрамонлар куни: партия фаол донорларни тақдирлади
Донор сўзи лотинчадан таржима қилинганда «туҳфа қилмоқ» деган маънони ифода этади. Донорлар эса ўзининг саломатлиги яхшилиги, кимгадир кўмак бериш имконияти мавжудлигидан унумли фойдаланган ҳолда юртдошининг ҳаёти учун зарур бўлган қонни туҳфа эта олади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йил кўпроқ умр кечиришади. Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади.
Мамлакатимизда қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони ҳамда энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик тўлиқ бериладиган пул мукофоти билан тақдирланади.
14 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан Фағона вилоят қон қуйиш марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда бўлиб ўтган тадбирда ҳам Улуғбек Қориев, Алишер Муҳторов, Нодир Солижоновларга кўкрак нишони ва пул мукофотлари тантанали тарзда топширилди. Улар доимий равишда қон топшириб, кўплаб беморларга мадад бўлганлиги учун фахрий донор эътирофига сазовор бўлдилар.
Шунингдек, қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда донорлик тадбирларида фаол иштирок этиб келган Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, ҳарбий қисмлар, ҳуқуқ-тартибот органлари, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва кўплаб ташкилот вакиллари ташаккурнома билан тақдирландилар. Улар қаторида партия вилоят Кенгаши ҳам муносиб ўрин олди. “Ташаккурнома”ни тантанали равишда қабул қилиб олган партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Адҳамжон Умаров 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан анъанавий тарзда донорлик акцияси ўтказиб келиниши, йилдан йилга савобли ишда иштирок этувчилар сафи кенгайиб бораётганлигини таъкидлаб, барчага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ўз навбатида партия томонидан ҳам Азамат Исмоилов, Гулчеҳра Исмоилова, Бахтиёр Умрзоқов, Раҳим Каримов, Ботир Маҳмудбеков сингари фаол ва фидойи донорларга эсдалик совғалари тақдим этилди.
Шу куннинг ўзида тадбир иштирокчиларининг кўпчилиги савобли ишга қўл урдилар.
– 12 йилдан буён донорлик қиламан, – дейди вилоят руҳий асаб касалликлар шифохонаси диспансери ҳамшираси Гулчеҳра Ашуралиева. – Бир йилда икки маротаба жумладан, Халқаро донорлар кунида қон қуйиш марказига келаман. Кимгадир ғойибона кўмак бераётганимдан жуда ҳам ҳурсандман.
Тадбир давомида ёш истеъдод эгалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Жажжи қизалоқларнинг рақслари олқишларга сазовор бўлди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг