Янгиликлар 1698
Қалб обод - маҳалла, қишлоқ обод
Халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриш орқали ҳар бир хонадонга кириб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва ҳал қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бундай эзгу ишларнинг туб замирида, авваламбор, халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғ мақсад мужассам.
Шу йиллар давомида мазкур дастурлар доирасида 5 миллионга яқин юртдошимиз яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланди.
Президентимиз видеоселектор йиғилишда таъкидлаганидек, қишлоқларга инфратузилма борсагина, ҳаёт сифати ўзгаради, тадбиркорлик ривожланади. Шу сабабли, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Аҳоли талабларидан келиб чиқиб, 206 та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр таъминоти, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.
Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилда мазкур дастурлар доирасидаги ишларга жами 21 триллион сўм йўналтирилади, энг муҳими, дунёни саросимага солиб қўйган пандемия давридан чиққан йилимиз ҳеч қандай ташқи қарз жалб қилмасдан давлат ва маҳаллий бюджет ҳисобидан шунча катта маблағ ажратиляпти. Эътирофлиси, Ўзбекистоннинг яқин ўттиз йиллик тарихида бундай ишлар амалга оширилмаган.
Бундан буён “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий Кенгашлар белгилайди. Туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий Кенгашларда ҳимоя қилади.
Депутат сифатида бизга яна бир вазифа қўйилаяптики, эндиликда маҳаллий Кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди. Бунда мазкур дастурлар доирасида маҳалла раислари ва аҳолининг “ижтимоий ҳамкорлиги” эътиборга олинади.
Йиғилишда юртимизда ижтимоий-иқтисодий аҳволи оғир 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллани комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларда ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлаш учун 3 триллион 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Энди обод маҳалла ва қишлоқ одамларининг қалбини обод қиладиган, қувонтирадиган ушбу фактларга диққатингизни қаратмоқчиман: 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг километрдан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга 2 триллион сўм, 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортиш учун 1 триллион сўм ажратилади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилаш белгиланмоқда. Ушбу чора-тадбирларга қарийб 2 триллион 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Йиғилишда Президентимиз аҳоли бандлигини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Яна бир муҳим жиҳат - “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларида қатнашган тадбиркорларга давлат томонидан кенг имтиёзлар яратиб берилади. Бунинг натижасида тадбиркорлик ва бандлик дастурларини маҳаллага боғлаб, 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш имконига эга бўламиз, энг муҳими, “темир дафтар”га киритилган 300 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш ишлари изчил амалга оширилади. Бунинг учун жорий йилда “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун 9 триллион сўм ресурс йўналтирилиши, шунингдек, 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Белгилаб олинган дастурларда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳам қамраб олинган. Жумладан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 379 та мактаб, 171 та мактабгача таълим ва 161 та тиббиёт муассасасини, “Обод маҳалла” дастури доирасида 57 та мактаб, 37 та боғча ва 15 та тиббиёт масканини қуриш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Маълумки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сектор тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу ҳаётимизда ўз натижаларини бериб, ислоҳотларнинг изчил амалга оширилишига хизмат қилмоқда. Йиғилишда шундан келиб чиққан ҳолда сектор раҳбарлари олдига яна бир муҳим вазифа юкланди. Эндиликда сектор раҳбарлари ўз ҳудудида бажарилаётган ишлар бўйича маҳаллий Кенгашларда ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига ҳисобот бериши зарур бўлади.
Мазкур йиғилишни кузатиб, чиқарган бир хулосам шуки, у ҳоким ёки вазир бўладими, депутат бўладими, шу улуғ Ватанимиз келажагига ўзини дахлдор деб билган ёшу-қари, каттаю-кичик барчамиз жавобгарликни чуқур ҳис этган ҳолда, фидокорона меҳнат қилсак, албатта, кўзлаган орзу-мақсадларимизга эришамиз!
Ўткир ТАДЖИБОЕВ,
Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши депутати,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси бошқарув раиси
Фикрингизни қолдиринг