Янгиликлар 1173
Қалбим хазинаси дейму сени…?
Кечагидек эсимда, болалигимда катта уйимизнинг бир бурчагида жойлашган кичик хонага кириб олиб, қўлимга тушган жамики китобми, газетами, ишқилиб барини ёйиб ўтириб олардим. Кейин уларни бирма-бир ўқишга тутинардим (айниқса газеталарни). Бувим ҳам газета ўқишга қизиқарди. Шу сабаб уларнинг жавонида турли-туман газеталар ҳар доим бўларди (Нафақа пули тарқатадиган почтачи опа шундай газеталардан кўпини олиб келганда бувим сотиб олардилар). Мен қўлимга тушганини қизиқиб олиб кетаверардим. Ўқувчилик даврим ҳамда бола бўлганим учунми, даставвал газета юзига синчиклаб қарардим. “Ҳордиқ”, “Даракчи”, “Бекажон” каби газеталарнинг юзидан аллақандай безаклар, турли машҳур чеҳралар ўрин оларди. Мен уларга бирпас маҳлиё бўлиб турардим-да, сўнг газета ичига разм солиб чиқардим ва биринчи бетидан то оҳирги саҳифасигача қолдирмасдан ўқирдим. Шу зайл қандай қилиб вақт ўтганини сезмас эдим. Гоҳида катта уйнинг залидан овоз келиб қоларди: “Меҳри, бўлди-да, энди чиқмайсанми уйга қамалиб олмай, тушлик бўлди-ку, бориб анҳордан сув олиб кел, уй ишларига озгина қарашмайсанми?” – дерди бувим сал норози оҳангда. Мен эса бошимни салгина кўтариб қўярдим-да, жуда ҳам қизиқ жойида ҳаёлимни бузганлиги учун ичимда бувимдан хафа бўлиб, ўз билганимча яна мутолаага шўнғирдим. Гоҳ-гоҳида ёшроқ амаким шу ҳолатимга келиб қолиб, роса устимдан куларди. “Адабиёт дарғаси”сан-да, дерди. Мен яна пинагимни бузмасдим.
Йиллар ўтиб, шу воқеалар кўз олдимда гавдаланар экан, чуқур ўйга толдим. Балки бугунги ҳаётимда ижодкор инсон бўлиб вояга етишимда ана шу газета ва китоблар сабаб бўлдимикан... Ҳар ҳолда мен уларни ўқиганимда яйрар эдим-да. Фикрим теран бўлиб, маънавий озуқа олардим. Дунёқарашим кенгаярди. Оламга назар солиб, англаганларим ортарди.
Бугун менинг қалбимни бойитган ана шу газета ва китоблар инсонлар назаридан четда қолмоқда. Ёшлар уззу-кун қўлидаги телефон деб аталувчи матох билан андармон. Тўғри, унинг баъзи ютуқлари ҳам бор. Масалан, дунёнинг исталган бурчагида нима содир бўлаётганлигини зумда била оласиз. Хабарлар шу қадар тезкор-ки. Аммо интернет саҳифалари-ю, телеграм каналларни ҳар қанча ўқиманг, кузатманг, газетани ўқигандаги лаззатни топа олмайсиз. Газета ва китоблар кишига маълумот беришдан ташқари фикрни теранлаштиришда, қалбингизни, руҳингизни бойитишда муҳим омил саналади. Аммо бугун кўпчилигимиз бу нарсани унутиб қўйдик, чоғи. Телефон аппаратидаги кети йўқ турли ҳил савиядаги хабарларга муккасидан кетдик. Шу сабаб онгимиз, қалбимиз тобора камбағаллашиб, тубанликка юз тутмоқдамиз балки.
Куни кеча Миллий матбуот марказида ўтказилган “Маърифат” газетасининг 90 йиллик юбилейида иштирок этиб, юқоридаги хотираларим ногоҳ эсга тушди. Газета, китобхонлик ривожланган юртнинг ёшлари ҳар томонлама ақлли, билимли, зукко бўлишини кўнглимдан ўтказдим. “Маърифат” ўзбек зиёлиларининг қалбига ин қурган газета. Бугунги ўқитувчилар ана шу газета чашмасидан кўпроқ баҳраманд бўлсалар ёш авлодга берадиган билимлари ҳам бойийди, ҳам касбан маҳоратли бўлади, қалбан юксалади. Бунга эътиборлироқ бўлсак, назар солсак қандай яхши-я!..
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг