Янгиликлар 1025
Қалбларни нурга тўлдирган акция
Ҳар йили «Адолат» СДП томонидан йилда 2 маротаба ўтказиладиган «Бор меҳримиз сенга, болажон» донорлик акцияси бу гал ҳам 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Таъкидлаш керакки, акциянинг халқ орасида обрў-эътибор қозонганлигини донорлар сонининг йилдан йилга ортиб бораётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Қонга муҳтож бемор болажонлар учун қилинаётган ушбу ташаббус кўпчилик юртдошларимиз томонидан эътироф этилмоқда.
Диёрбек Ўроқов, Ички ишлар академияси курсанти:
- Ушбу акцияда қатнашишдан мақсадим бемор болажонлар соғлигини тиклашга ҳисса қўшиш. Акция жуда ҳам юқори савияда ташкил этилганлигининг гувоҳи бўлдим. Қон топшириш жараёнида қон гуруҳимиз қайси турга мансублиги, шунингдек, йўлдош касаллигимиз бор-йўқлиги каби маълумотларга ҳам эга бўлдик. Бу борада шифокорлар томонидан тиббий маслаҳатлар берилди. Жараён давомида ҳамширалар бизга ғамхўрлик кўрсатиб турди, ҳолатимиздаги ўзгаришлар назорат қилиб турилди. Сўнг қувват сифатида турли витаминлар билан бойитилган маҳсулотлар берилди. Аввало, бу донорлик акцияси инсоннинг соғлиги учун фойдали, шунинг учун доимий равишда партиянинг акцияларида иштирок этиб келаман. Оммани акцияда фаол иштирок этишга чорлаб қоламан. Беморларга фойдамиз тегаётганини ҳис қилиш бизларга катта хурсандчилик кайфиятини тақдим қилмоқда.
Айтиш керакки, акцияда жамиятимизнинг кўплаб кўзга кўринган фаол кишилари ҳам иштирок этишди. Шулардан бири блогер Баходир Ахмедов:
- Дастлаб мени ушбу акцияга таклиф қилишганида ўзим ҳам бошқаларни жалб қилиш мақсадида эълон бердим. Яхши бир ташаббус бошланганининг хабарини қилдим. Журналистик фаолиятим даврида ушбу гематология марказига келиб кўплаб хайрияларда қатнашардим. Айниқса, бу ердаги ёш болаларнинг ҳолига ачиниб кетади киши. Баъзида соғлигимиз бироз ёмонлашса, эмлангани шифохонага боришга чўчиймиз. Бу болалар эса ҳар куни касаллик билан курашишади. Шундай ҳолларда ўзимиз учун хулоса чиқариб, ҳаётимизнинг шукр қиладиган манзаралари кўз олдимизга келади. Уларга қандай қилиб ёрдам беришни ўйлаган пайтларимиз бўлган. Инсон молиявий томондан ҳар доим ҳам ёрдам беришга имкони бўлмайди. Ушбу донорлик акциясининг партия томонидан ташкил этилганлиги яхши ташаббус бўлибди. Очиғини айтсам, акцияга бунчалик одам кўп келишини кутмаган эдим. Анча вақт навбатда турдим. Мана, энди навбатим етиб келиб қон топширишга муваффақ бўлиб турибман. Савобли ишга бош қўшаётганлар кўплигидан хурсанд бўлдим.
Акцияда энг кўп иш бажариб, ҳар бир донорни енг шимариб кутиб олаётган шифокорлар сўзларига ҳам қулоқ туттик.
Муҳаббат Каримова, Республика қон қуйиш маркази сайёр гуруҳи катта ҳамшираси:
- Акция эрталаб соат саккиздан бошланди. Кун давомида 200 га яқин донорларни қабул қилдик. Бу ерда даволанадиган беморлар учун ушбу акция жуда катта аҳамиятга эга. Беморларимизга ҳар куни қон, плазма қуйиш керак бўлади. Акция давомли бўлишини хоҳлардим. Эслатиб ўтиш керакки, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган донорлар ушбу акцияда қатнашишлари мумкин. Шунингдек, донор шамолламаган, операцияларни ўтказмаган , аёлларда ҳайз- даври, ўткир юрак етишмовчилиги, жигар, буйрак етишмовчилиги билан оғримаган ҳамда соғлом инсонлар ўз хоҳишлари билан қон топширишлари мумкин. Топширишдан олдин гемаглабин миқдори текширилади. Гемаглабин аёлларда 128, эркакларда эса 130 дан юқори бўлса ҳамда вазни 50 килодан кўп бўлсагина донор бўла олишади. Бугунги кунда коронавирус касаллиги мавжуд бўлганлиги сабабли қон донорлари учун эслатма сифатида шуни маълумот ўрнида айтиш керакки, вакцинанинг 3 ёки 2 босқичли муддатдагиси билан эмланиб бўлингандан 1 ой ўтиб қон беришлари мумкин.
Сурайё Ахматова, Республика гематология болалар-ўсмирлар маркази лаборанти:
- Мен ушбу институтда 1989 йилдан буён қон гуруҳини аниқлайдиган лаборотория бўлимида ишлайман. Жараёнлар ҳақида айтиб ўтадиган бўлсам, донорлардан қон олиб бўлингач, биринчи навбатда яроқлиларини ажратиб олиш учун махсус жойга жўнатилади. У ерда қонни иккига ажратиб олинади, яъни, плазма ва эрмассага. У ерда қон таркиби яҳшилаб текширилади. Қонида гепатит Б, C, ОИВлари борлари аниқланса ўтказилмайди. Таҳлил натижаси яхши чиқса, гематологияда ётган беморларга етказилади. Айни дамда партиянинг ушбу хайрли ташаббусидан барчамиз жуда мамнунмиз.
Акция декабрь ойи сўнгигача давом этади.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг